Назарбаев, Бердимухамедов ва Рухоний “Янги Ипак йўли”ни очишди

Назарбаев

Қозоғистон, Туркманистон ва Эрон президентлари “Узен-Берекет-Горган” (Қозоғистон-Туркманистон-Эрон) халқаро темир йўл магистралини очиш маросимида қатнашди, дея хабар беради Қозоғистон президентининг матбуот хизмати.

Янги темир йўл магистралининг тақдимоти Туркманистондаги Акяйла станциясида бўлиб ўтди. Назарбаев Бердимухамедов ва Рухонийни темир йўл қурилиши якунлангани билан табриклади. “Биз ўтган йили Туркманистон президенти билан бирга Қозоғистон участкасини тантанали равишга ишга туширгандик. Энди ушбу магистраль учта давлатни бирлаштиради”, – деди Қозоғистон президенти.

Назарбаевнинг қайд этишича, халқаро магистралнинг ишга тушиши минтақа иқтисодиёти учун янги истиқболларни очиб беради. “Давлатларимизда минтақавий бозорнинг ҳамда Осиё бозорларига мўлжалланган ишлаб чиқаришнинг аҳамияти ошади”, – таъкидлади у. Қозоғистон раҳбари республика темир йўли орқали бутун минтақа Хитой ва Россия билан иқтисодий ҳамкорлик қилиш имкониятига эга бўлишини эслатиб ўтди.

Бердимухамедов янги темир йўл линиясининг муҳим иқтисодий ва ижтимоий аҳамиятини қайд этди. “Етти йил ичида улкан ишлар қилинди. Энди бу йўл яхши қўшничилик ва дўстона муносабатларини мустаҳкамлашга хизмат қилади”, – деди Туркманистон президенти.

Эрон президенти эса мамлакатлар ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, ўзаро савдони ривожлантириш учун шароитлар яратиш долзарб вазифа эканини таъкидлади. “Уч мамлакат ўртасида коммуникацияларни ривожлантириш зарур. Ушбу темир йўл уч мамлакатни бирлаштирибгина қолмасдан, Форс кўрфази, Россия ва Хитойга чиқиш йўлини ҳам таъминлайди”, – қайд этади Рухоний.

Шундан сўнг Туркманистон ва Эрон чегарасида уч мамлакат президентлари иштирокида туташтирувчи “Олтин полотно”ни ётқизиш маросими бўлиб ўтди. Давлатлар раҳбарлари Эрон томонга ўтганидан кейин уч томонлама учрашувни ўтказишди. Унда томонлар транспорт-логистика салоҳиятини ривожлантириш соҳасидаги янги ташаббусларни, шу жумладан, автомобил йўллари, темир йўллар ва логистика марказлари қурилишини муҳокама қилди. Бундан ташқари, чегара ҳудудлар ҳамкорлиги, мустақил иқтисодий зоналар ва инвестицияон ўзаро ҳамкорлик масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Давлатлар раҳбарлари савдони фаоллаштириш йўналишларини белгиловчи ҳамда транспорт-логистика соҳасидаги ўзаро истиқболли ҳамкорликни ўрганувчи ишчи гуруҳни шакллантириш ҳақида келишиб олишиди.

Қозоғистон президенти замонавий транспорт инфратузилмасини шакллантириш бўйича фаолиятнинг аҳамиятини қайд этди. “Бугун биз мамлакатларимиз ва Хитой орқали Тинч океанига чиқувчи деярли янги Ипак йўлини яратдик”, – деди Назарбаев.

Давлатлар раҳбарлари янги темир йўлнинг ишга тушиши бутун минтақанинг ривожига ижобий таъсир кўрсатишини қайд этишди.

Фотосурат: akorda.kz

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.