5 та ташаббус доирасида 2,9 млн. нафар ўқувчи тўгаракларга жалб этилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев илгари сурган 5 ташаббус доирасида юртимиз умумтаълим мактабларида турли тўгараклар фаолияти йўлга қўйилди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги хабар беради.
Мазкур 5 муҳим ташаббусни жорий этишдан асосий мақсад ва йўналишлари аниқ белгилаб берилган.
Жумладан, биринчи ташаббус ёшларнинг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини оширишга, истеъдодини юзага чиқаришга хизмат қилади.
Иккинчи ташаббус ёшларни жисмоний чиниқтириш, уларнинг спорт соҳасида қобилиятини намоён қилишлари учун зарур шароитлар яратишга йўналтирилган.
Учинчи ташаббус аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этишга қаратилган.
Тўртинчи ташаббус ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича тизимли ишларни ташкил этишга йўналтирилган.
Бешинчи ташаббус хотин-қизларни иш билан таъминлаш масалаларини назарда тутади, дея қайд этади вазирлик.
Хусусан, вазирлик тарқатган маълумотларга кўра, маданият ва санъат йўналишидаги тўгаракларга 779 минг, жисмоний тарбия ва спорт бўйича 1,1 млн, ахборот технологиялари йўналишига 444 минг, китобхонликка 264 минг нафар ўқувчи ҳамда 377 минг нафар қизлар ижтимоий фаол ҳаётга жалб этилган. Жами 2,9 млн. нафар ўқувчи тўгаракларга жалб этилиб, умумий кўрсаткич 47,5 фоизни ташкил этган.
Шарҳлар