Ўзбекистон Давлат санъат музейи суратларини сотиб юборган ходимлар озодликдан маҳрум этилди

Ўзбекистон Давлат санъат музейи суратларини сотиб юборган ходимлар озодликдан маҳрум этилди

Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Яккасарой тумани суди Ўзбекистон Давлат санъат музейи собиқ бош қўриқчиси Мирфайзи Усмоновни тўққиз йилу уч ойга озодликдан маҳрум этиш ҳақида ҳукм чиқарди. Бу ҳақда, «Ҳуқуқ» газетасига асосланиб, «Gazeta.uz» маълум қилади, деб ёзади «Kun» нашри.

Маълум бўлишича, Усмонов ва музейнинг бир қатор бошқа ходимлари 1999−2014 йиллар давомида музей коллекциясидан кўплаб ноёб санъат асарларини сотиб юборишда ва шу йўл билан давлатга катта миқдорда зарар етказишда айбдор деб топилган.

Усмонов 1999 йил декабрида музейнинг бош қўриқчиси этиб тайинланган. 2000 йил бошида эса у шахси тергов давомида аниқланмаган кимсаларга Оганес Татевосян, Александр Николаев, Николай Карахан, Рихард-Карл Зоммер, Виктор Уфимцев каби рассомларнинг музейда сақланаётган суратларини олиб чиқиб беришга ваъда қилган.

Музей реставратори Абдураҳмон Муранов ва лавозими маълум қилинмаган фуқаро Бобур Мелиев билан тил бириктирган ҳолда, 2000 йил январида Николаевнинг «Боланинг расми» суратини номаълум шахсларга 100 долларга сотиб юборишади ва экспонатни нусха-сурат билан алмаштириб қўйишади. Ўша йилнинг ўзида худди шу йўл билан Татевосяннинг «Чойхона» асарини 800 долларга сотишади.

Орадан етти йил ўтиб, 2007 йил мартида худди шу учлик номаълум шахсларга Николаевнинг «Мева олиб кетаётган қиз» суратини 400 долларга, орадан икки йил ўтиб Караханнинг «Ҳовуз бўйидаги қизлар»ини 800 долларга сотиб юборади.

2009 йилда Усмонов бошчилигидаги гуруҳ Зоммернинг «Тоғ дарёсидаги кўприк» ва «Кабобхона», Татевосяннинг «Бухоро» ва «Денгиз» суратларини қалбакилаштириб, асл суратларни жами 2,6 минг долларга сотиб юборган.

Гуруҳ мўйқаламда ишланган суратлар билан чекланиб қолмасдан, музейда сақланаётган тарихий фотосуратларни ҳам пуллаб юборган. Хусусан, тарихий ёдгорликларнинг Саудия Арабистонига тегишли фотоальбоми 300 долларга сотиб юборилган.

Терговнинг аниқлашича, ушбу ноқонуний фаолиятга музейнинг бошқа ходимлари ҳам жалб этилган. Жумладан, экспонатларни қайта тиклаш лабораторияси бошлиғи ўринбосари Бахтиёр Ботиров билан тил бириктирган ҳолда, Европа тасвирий ва амалий санъат бўлими заҳирасидаги 25 дан ортиқ суратларнинг нусхалари ишланиб, асллари сотиб юборилган. Уларнинг орасида Архип Куинжанинг «Ой оқшоми», Ян Фейтнинг «Қуш сотувчи», Лоренцо ди Кредининг «Мадонна чақалоқ ва фаришталар билан» суратлари ва бошқалар бор.

Суд қарорига асосан, Муранов ва Ботиров саккиз йилга озодликдан маҳрум этилган, экспонатларни қалбакилаштириш ва сотишда иштирок этган музейнинг бошқа ходимлари ҳам тегишли жазоларни олди.

«Музей ходимлари томонидан сотиб юборилган асарларнинг тақдири ҳақида газетада ахборот берилмаган», – дейилади «Gazeta.uz» хабарида.

Фотосурат: uz24.uz

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.