ЮНИСЕФ ижрочи директори Пешаворда болаларнинг отиб ташланиши бўйича баёнот берди

ЮНИСЕФ ижрочи директори Пешаворда болаларнинг отиб ташланиши бўйича баёнот берди

ЮНИСЕФ ижрочи директори Энтони Лейк Покистоннинг Пешавор шаҳрида болаларнинг ўлдирилиши бўйича баёнот билан чиқди.

У ўз баёнотида Пешаворда содир этилган юздан ортиқ мактаб ўқувчисининг ваҳшиёна ва шафқатсизларча ўлдирилиши бутун жаҳондаги одамларнинг онгини ларзага солганини айтади.

Шу билан бирга «бу воқеа барчани ва ҳар бир кишини ўз фарзандлари учун яхши таълим олиш имкониятини хоҳлаётган покистонлик оилаларни ҳамда бунинг учун зарур шароитларни яратиш устида ишлаётган одамларни қўллаб-қувватлашга ундаши керак», – дейилади баёнотда.
 
Эслатиб ўтамиз, сешанба, 16 декабрь куни, толиблар Покистоннинг Пешавор шаҳридаги ҳарбий билим юртига ҳужум уюштирди. Қуролланган жангарилар гуруҳи ҳарбийларнинг фарзандлари таълим оладиган мактабнинг бир неча юз ўқувчисини гаровга олди.

CNN тарқатган хабарга кўра, толибларнинг террорчилик ҳужуми натижасида 141 киши ҳалок бўлган, уларнинг 137 нафари 12-16 ёшли болалар бўлган. Шунингдек камида 100 киши тан жароҳатини олган.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, жангарилар ҳамма синфларга кириб, болаларга қарата ўқ отган. Бу пайтда бинода 500 киши бўлган.
 
Маълумотларга қараганда террорчилардан бири ўзини портлатиб юборган, қолганлар эса мактабга ҳужум пайтида отиб ташланган. Шу тариқа, Покистон шимолида жойлашган Пешавор шаҳридаги толибон террорчилари босиб олган мактаб озод этилди. 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.