Тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилганлар жазоланади
“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги” қонунига мувофиқ тадбиркорлик ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолиятига тўсқинлик қилганларга нисбатан маъмурий жазолар қўлланиши белгиланди. Бу ҳақда “12news” хабар беради.
Хусусан, қонуннинг 2411-моддаси қуйидаги таҳрирда баён этилди:
“Қонуний тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилиш, яъни тадбиркорлик фаолияти субъектини давлат рўйхатидан ўтказиш, давлат хизмати кўрсатишнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибини ва муддатларини бузиш, тадбиркорлик фаолияти субъектини давлат рўйхатидан ўтказишни ғайриқонуний равишда рад этиш ёки уни давлат рўйхатидан ўтказишдан бўйин товлаш, давлат хизмати кўрсатишни ғайриқонуний равишда рад этиш ёхуд уни кўрсатишдан бўйин товлаш, хўжалик юритувчи субъектларнинг молия-хўжалик фаолиятини текшириш ва тафтиш қилишнинг белгиланган тартибини бузиш, тадбиркорлик фаолияти субъектининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини чеклаш, қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган статистика, молия, солиқ ҳисоботини ва бошқа ҳисоботларни, шунингдек ўзга ҳужжатларни талаб қилиб олиш ёхуд назарда тутилган ҳисоботни тақдим этишнинг белгиланган муддатлари ва тартибига зид равишда талаб қилиб олиш, худди шунингдек унинг мустақиллигини бошқача тарзда чеклаш ёки унинг фаолиятига бошқача тарзда қонунга хилоф равишда аралашиш, — мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, — мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг йигирма бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади”.
2412-модданинг санкцияси қуйидаги таҳрирда баён этилди:
“фуқароларга энг кам иш ҳақининг икки бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса йигирма бараваридан олтмиш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади”.
Шарҳлар