Президент ўз танловини амалга оширди
2014 йил 21 декабр куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайловлар бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 21 декабр куни овоз бериш учун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда Тошкент шаҳар Кенгашига сайлов ўтказувчи 644-сайлов участкасига ташриф буюрди.
2005 йилдан буён Ўзбекистонда икки палатали парламент фаолият кўрсатмоқда. 2003 ва 2008-йилларда Бош қомусимиз, “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги, “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонунларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Бунинг самарасида миллий сайлов тизимининг босқичма-босқич либераллашуви, икки палатали парламент сайловларининг халқаро нормаларга тўла мос ҳолда ўтказилишини таъминлайдиган мукаммал қонунчилик базаси шаклланди.
Президент Ислом Каримов томонидан тақдим этилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш консепсияси асосида қабул қилинган қонунлар Олий Мажлиснинг жамиятимиз ҳаётидаги роли ва аҳамиятини сезиларли даражада кучайтирди. Cайлов якунларига кўра парламентда энг кўп депутатлик ўрнини олган сиёсий партия томонидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзоди таклиф этилиши тамойили ҳамда ҳукуматга нисбатан ишончсизлик вотуми институтининг жорий этилиши ўз мазмун-моҳияти билан мамлакатимизни ислоҳ этиш ва демократлаштиришнинг янги босқичини бошлаб берди, дея хабар беради Ўзбекистон Президентининг матбуот хизмати.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва жойлардаги давлат ҳокимиятининг ваколатли органларига сайловлар соат 20:00 да якунланди.
МСК тарқатган маълумотга кўра сайловларда 18 млн дан ортиқ сайловчи қатнашган, бу рўйхатга киритилган сайловчилар умумий сонининг 88% дан кўпини ташкил этади.
Шунингдек, ушбу умумхалқ тадбирида бешта халқаро ташкилот ва 50 та давлатдан ташриф буюрган 300 дан ортиқ халқаро ва чет эл кузатувчилари ҳам қатнашди.
Шарҳлар