Пиротехника буюмларини ноқонуний олиб кириш билан боғлиқ 77 та ҳолат аниқланди
Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида божхона ходимлари томонидан пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласи билан боғлиқ 77 та қонунбузарлик ҳолати аниқланди ва натижада салкам 416 минг донадан ортиқ пиротехника воситалари ноқонуний равишда олиб ўтилишининг олди олинди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитасининг Ахборот хизмати маълум қилади.
Жумладан, Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ходимлари муқаддам ноқонуний йўллар билан кичик туркумларда олиб келиниб, жамланган йирик миқдордаги пиротехника буюмларининг яширин равишда сақланаётганини фош қилишди.
Дастлаб самарқандлик фуқаро У.Ҳамидов (матндаги барча исм-шарифлар ўзгартирилган) бошқарувидаги “Матиз” автомашинаси ўрнатилган тартибда кўздан кечирилганда, унда ҳамшаҳри Ш.Низомиддинов томонидан 6 дона пиротехника воситалари ноқонуний равишда олиб кетилаётганлиги аниқланди.
Мазкур ҳуқуқбузарликни илдизи билан бартараф этиш мақсадида тезкор тадбир давом эттирилиб, ушбу пиротехника воситаларини сотган фуқаро М.Толипованинг хонадони участка нозири ва холислар иштирокида амалдаги тартибларга мувофиқ кўздан кечирилганда, хонадон ертўласидаги полиэтилен қоплар ва қоғоз қутиларда 11 турдагисалкам 89 минг дона пиротехника воситалари яширинча сақланаётганлиги фош қилинди. Аниқланишича, мазкур пиротехника воситаларининг оғирлиги 770 кг.дан, қиймати эса 37 млн. сўмдан ортар экан.
Қайд этиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикасининг 2010 йил 22 сентябрда қабул қилинган “Пиротехника буюмлари муомаласини тартибга солиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни ижроси Давлат божхона қўмитасининг барча ҳудудий тузилмалари томонидан алоҳида назоратга олинган.
Унга кўра Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси қуйидаги 1851-модда билан тўлдирилди:
Яъни, пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, улардан фойдаланиш, худди шунингдек уларни қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасига олиб кириш (Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш) ёки ўтказиш ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, энг кам иш ҳақининг беш бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Шунингдек, ушбу Қонун бўйича Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси қуйидаги 2501-модда билан тўлдирилди.
Пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, улардан фойдаланиш, худди шунингдек уларни қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасига олиб кириш (Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш) ёки ўтказиш анча миқдорда ёхуд шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, —
энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки олти ойгача қамоқ ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, улардан фойдаланиш, худди шунингдек уларни қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасига олиб кириш (Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш) ёки ўтказиш:
а) кўп миқдорда;
б) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб;
в) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;
г) мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш йўли билан содир этилган бўлса;
д) баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса, —
энг кам ойлик иш ҳақининг юз бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, улардан фойдаланиш, худди шунингдек уларни қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасига олиб кириш (Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш) ёки ўтказиш:
а) жуда кўп миқдорда;
б) уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса;
в) одам ўлишига сабаб бўлса, беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, улардан фойдаланиш, худди шунингдек уларни қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасига олиб кириш (Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш) ёки ўтказиш:
а) одамлар ўлимига;
б) бошқача оғир оқибатларнинг келиб чиқишига сабаб бўлса, саккиз йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Шарҳлар