“Адолат” ва ХДП баъзи партияларни сайловолди ташвиқоти қоидаларини бузишда айблади

“Адолат” ва ХДП баъзи партияларни сайловолди ташвиқоти қоидаларини бузишда айблади

“Адолат” социал-демократик партияси 2014 йилги парламент сайловлари давомида “баъзи партиялар” томонидан тартиб-қоидалар бузилганини қайд этди. Бу ҳақда 22 декабрь, душанба куни партия етакчиси Наримон Умаров иштирокидаги матбуот анжуманида маълум қилинди, деб ёзади “Кун” нашри.

Эслатиб ўтамиз, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси учун 21 декабрь, якшанба куни ўтказилган сайлов натижалари дастлабки натижаларига кўра, “Адолат” энг кам – 17 нафар депутатлик ўрнига эга чиқди. 4 январь куни 22та сайлов округида сайловнинг иккинчи тури бўлиб ўтади.

“Алоҳида таъкидланганидек, партия ва унинг номзодлари томонидан баъзи партияларга ўхшаб сайловолди ташвиқоти давомида ўрнатилган тартиб-қоидалар бузилмади”, – дейилади партия хабарида. Айни вақтда, гап айнан қайси партиялар ҳақида кетаётганига аниқлик киритилмаган.

Сал аввалроқ Халқ демократик партияси ЎзЛиДеПни сайлов кампанияси давомида қонунни четлаб ўтиш ҳолатлари юзасидан айблаб чиққан эди.

ХДП етакчиси Ҳотамжон Кетмоновнинг сўзларига кўра, ўтган сайловларда партия ўз олдига “катта вазифалар қўйган эди ва уларга эришиш йўлида қонун талабларига риоя этган ҳолда тарғибот ишларини олиб борди”.

“Лекин бошқа айрим сиёсий партиялар фаолиятида сайловларнинг қонунийлик ва адолатлилик каби асосий тамойилларига тўлиқ риоя қилмаслик ҳолатлари кузатилди. Хусусан, ЎзЛиДеП тарғибот-ташвиқот жараёнларида қонунни четлаб ўтган ҳоллар кўзга ташланди”, – дея партия етакчисининг сўзларидан иқтибос келтирмоқда ХДП расмий сайти.

Айнан қандай қонун бузилиши ҳоллари кузатилгани ва энди уларга нисбатан қандай чора кўриш лозимлиги хабарда келтирилмаган.
 
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.