Жамол Чечак Ўзбекистонни зудлик билан «TURKPA”га қўшилишга чақирди
Туркия Буюк миллий кенгашининг раиси Туркманистон ва Ўзбекистонни зудлик билан Туркийзабон мамлакатларнинг Парламент ассамблеяси (TürkPA) таркибига киришга чақирди.
АПА тарқатган хабарга кўра, Жамол Чечак бу ҳақда “TürkPA”нинг Бокуда бўлиб ўтган 5-пленар йиғилишида билдирган.
Унинг сўзларига кўра, Ассамблея туркийзабон мамлакатларнинг фикрини халқаро майдонда билдирадиган ягона қўшма ташкилот ҳисобланади. «Биз орамизда бошқа қардош мамлакатларни ҳам кўришни орзу қиламиз, бу мақсадларимизга янада тезроқ эришишимизда ёрдам беради», – дейди у.
Бундан ташқари, Жамол Чечак ташкилотга Шимолий Кипрнинг Турк Республикаси қабул қилиниши муносабати билан билдирилган фикрлардаги қарама-қаршиликлар борасида ҳам таассуф билдирди: «Биз ўз сафимизда Шимолий Кипрнинг Турк Республикасини ҳам кўришни истардик. Бироқ бу борада билдирилган фикрлардаги тафовут бизда таассуфларни туғдирди», – дея қайд этади раис.
Эслатиб ўтамиз, “TürkPA”га Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон ва Қирғизистон мамлакатлари киради. Яқинда Жамол Чечак туркийзабон республикалар орасида ягона алифбо ва тилни жорий этиш ғоясини илгари сурганди.
Шарҳлар