Жанубий Корея президенти уч кунлик ташриф билан Ўзбекистонга келди

Жанубий Корея президенти уч кунлик ташриф билан Ўзбекистонга келди

16 июнь куни эрталаб Жанубий Корея президенти Пак Қин Хе янада яқинроқ иқтисодий алоқаларни йўлга қўйиш мақсадида Ўзбекистонга учиб кетди, дея хабар беради Жанубий Корея ОАВ.

Сешанба куни Жанубий Корея раҳбари Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов билан олий даражадаги музокараларни ўтказишни режалаштирмоқда. Учрашув чоғида иккала мамлакатнинг ўзаро муносабатларини янада чуқурлаштириш йўллари, сиёсат, иқтисодиёт ва бошқа соҳалардаги “стратегик ҳамкорлик” масалалари муҳокама қилинади.

Шунингдек, мамлакатлар раҳбарлари айни пайтда иккала давлат орасида олиб борилаётган лойиҳаларни ҳам муҳокама қилиб, тикланадиган энергия манбалари, ахборот-коммуникация технологиялари, тўқимачилик саноати каби янги секторлардаги икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш бўйича ўзаро фикр алмашади.

Айтиш жоизки, ҳозирги қўшма лойиҳалар Орол денгизи яқинидаги Сурғил конини ишлаб чиқишни ҳамда газ-кимё заводи қурилишини ўз ичига олган.   

Айни дамда томонлар умумий қиймати 8 млрд АҚШ долларини ташкил этувчи қўшма лойиҳаларни амалга оширмоқда.
 
Бундан ташқари Пак хоним Ўзбекистонга ўз ҳукуматининг ташқи сиёсати, жумладан, “Корея ярим оролидаги ишонч жараёни”,  “Шимоли-Шарқий Осиёда тинчликни мустаҳкамлаш бўйича ўз нуқтаи-назари” ва “Евросиё ташаббуси” масалалари бўйича кун тартибини қўллаб-қувватлашини сўраб мурожаат қилмоқчи.  

Эслатиб ўтамиз, “Корея ярим оролидаги ишонч жараёни” лойиҳаси иккала Корея давлати ўртасидаги муносабатларни яхшилаш ҳамда Жануб ва Шимол ўртасида ўзаро ишончга эришилган ҳолда ярим оролни тинч йўл билан бирлаштириш учун замин яратишга мўлжалланган.

Мазкур ташриф Шимолий Кореяни денуклеаризациялаш каби масалаларда ҳам Ўзбекистон билан ҳамкорликни таъминлашга имкон яратади.

Шу билан бирга Пак хоним Ўзбекистондаги корейс диаспораси билан ҳам учрашиб, икки томонлама бизнес-форумга ташриф буюради.
 
Қайд этиб ўтамиз, бугунги кунда Ўзбекистонда 180 мингга яқин этник корейслар истиқомат қилади. Бу Марказий Осиёдаги бошқа мамлакатларга қараганда анча кўп.
 
Ташриф давомида томонлар этник корейсларга, бир вақтнинг ўзида икки маданиятни бирлаштирувчи кўприк сифатида чиққан ҳолда, ўз тарихий илдизлари ва анъаналарини сақлашда ёрдам бериш йўлларини ҳам муҳокама қилишни режалаштирган.

Чоршанба куни Корея раҳбари Ўзбекистоннинг яна бир дунёга машҳур шаҳри ҳисобланган Самарқандга ташриф буюради.

Фото: g20russia.ru

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.