Тошкентда уюшган жиноий гуруҳга ҳукм чиқарилди

Тошкентда уюшган жиноий гуруҳга ҳукм чиқарилди

Самарқанд вилоятида истиқомат қилувчи 1982 йилда туғилган Ферузжон Саъдуллаев ўзининг жиноий фаолиятини фуқаро Суюн Олтибоевнинг отини ўғирлашдан бошлаган эди. Отни 3.5 миллион сўмга сотган Саъдуллаев жиноий ишларини давом эттиришга қарор қилади ва бу мақсадда гуруҳ тузади. Шу тариқа уюшган жиноий гуруҳ (УЖГ) таркибига 1985 йилда туғилган Абдурасул Шарипов, 1982 йилда туғилган Мавлуда Имомова ва уч нафар вояга етмаган фуқаролар Улуғбек Атхамов, Жавоҳир Темиров ва Миржалил Йўлдошевлар киради.
 
Талончилик мазкур жиноий гуруҳнинг биринчи ишига айланади. Тошкентдаги “Абу Сахий” бозори ёнида жойлашган автобекатга келган жиноятчилар ҳайдовчилардан бири билан Қаршига жўнашга келишиб олади. Гуруҳ аъзоларининг ярми жиноий режа билан автомобилга ўтиради. Автомобиль Жиззах вилоятининг Пахтакор тумани ҳудудидан ўтаётган пайтда Саъдуллаев ҳайдовчига мушт туширади, шундан сўнг унинг қўл ва оёқларини боғлайди. Гуруҳ аъзолари автомобиль, 630 минг сўм пул, уяли алоқа телефони ва бошқа қимматбаҳо буюмларни ўғирлаган ҳолда жиноят жойидан қочади.  

Пойтахтнинг Сергели туманида истиқомат қилувчи Моҳигул Казакова УЖГнинг кейинги объектига айланади. Жиноятчилар уй эшигининг қулфини синдириб киради ва уйдан умумий қиймати 800 000 сўмлик қимматбаҳо буюмларни олиб чиқади.  
 
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг тезкор ҳаракатлари натижасида УЖГ аъзоларининг барчаси аниқланиб, тез оради ҳибсга олинди.

Сергели тумани жиноий ишлар бўйича судининг қарори билан Саъдуллаев ва Шарипов 12 йил муддатга, Имомова 8 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Вояга етмаган Атхамов, Йўлдошев ва Темировларга ҳам муносиб жазо тайинланди.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги “Huquq” газетасининг материаллари бўйича

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.