Акмал Бурхонов амалдорлар томонидан чет элда мулк харид қилиниши масаласини тартибга солиш пайти келганини билдирди
Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг директори Акмал Бурхонов мансабдор шахслар томонидан хорижда мулк харид қилиниши масаласини тартибга солиш пайти келганини билдирди. Бу ҳақда Kun.uz хабар беради.
«Мансабдор шахслар томонидан ноқонуний орттирилган бойлик ёки хорижда мулк харид қилиниши масалалари тартибга солинмаган. Бугунги кунда давлат хизматчиси бўлган ҳар қандай мансабдор шахс хорижда банк ҳисобрақамини очиши ва ҳар қандай мулкни харид қилиши мумкин. Биз бу вазиятни тартибга солиш керак, деб ҳисоблаймиз», – деди 9 декабрь куни журналистларга интервьюда Бурхонов.
Агентлик раҳбарининг айтишича, ҳозир «E-antikor» платформаси устида ишлар олиб борилмоқда.
«Биз ушбу платформада ҳар бир соҳа кесимида коррупцион жиноятларни содир этган ва жавобгарликка тортилган фуқароларнинг шахсини эълон қилишни режалаштиряпмиз. Бу маълумотларни ҳар ярим йилда бир марта ёки муайян вақт оралиғида жойлаштирамиз. Бунинг учун пайт келди, асосийси эса – вазирликлар ва идорадар ҳам тозалаш ишларига тайёр.
Агар у ёки бу давлат идорасида коррупцион ҳаракат содир этилса, унда бу бутун тизимнинг нуфузига путур етказади. Раҳбарлар буни яхши тушунади. Ҳозир, коррупцион хатар юқори бўлган соҳалар раҳбарияти ҳам, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ҳам шундай жиноятларни содир этганларни эълон қилишга тайёрлик билдирмоқда», – дейди у.
Акмал Бурхонов қайси соҳаларда коррупцион хаьар юқори эканини маълум қилди.
«Биз энг юқори коррупцион хатар ижтимоий соҳада эканини кўряпмиз. Афсуски, коррупцион хатарлар иш ҳақи паст соҳаларда учрайди. Бу – таълим, соғлиқни сақлаш, қурилиш. Пандемия даврида энг кўп коррупция аломатлари давлат харидлари соҳасида кузатилди.
Биз бу муаммоларни ўрганамиз. Кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасига давлат харидлари тўғрисидаги қонунчилик бузилгани учун жавобгарлик тўғрисидаги масала киритилди. Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.
Ҳозирча фақат маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги масала киритилди. Аммо биз қонунчиликка давлат харидлари соҳасидаги қонунчилик бузилгани учун жиноий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги масалани киритиш ва, умуман, бу йўналишда қонунчиликни такомиллаштириш устида ҳам ишлаяпмиз», – дейди агентлик директори.
Шарҳлар