Алишер Усмонов ўзининг туғилган юртида бизнес-марказ қуришни режалаштирмоқда (+)

Алишер Усмонов ўзининг туғилган юртида бизнес-марказ қуришни режалаштирмоқда (+)

USM Holdings асосчиси, таниқли тадбиркор ва ҳомий Алишер Усмонов Наманганда халқаро бизнес-марказ қуришни режалаштирмоқда. Мажмуа 6 гектар ерда жойлашади. Бу ҳақда Sputnik нашри Наманган вилоят ҳокимлигининг матбуот хизматига таянган ҳолда хабар беради.
 
«Халқаро бизнес-марказ қурилиши баҳорда бошланади. Келгусида бу ерда халқаро симпозиумлар, бизнес-форумлар ўтказилиши режалаштирилган. Шу туфайли Наманганга инвестициялар оқими тезлашади, бизнес-туризм учун кенг имкониятлар очилади. Бу марказ Наманганнинг ўзига хос брендига айланади», — дейди вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов.
 
Марказ ҳудудида конгресс-холл, бизнес-мактаб, меҳмонхона, экопарк ва спорт-соғломлаштириш мажмуаси барпо этилади. Ҳудуд сунъий кўллар ва фавворалар билан ободонлаштирилади. Шунингдек бу ерда автотураргоҳлар ҳам кўзда тутилган.

USM Group матбуот хизмати берган маълумотларга кўра, Алишер Усмонов кўп йиллардан бери Ўзбекистон Республикасига, шу жумладан ўзи туғилиб ўсган юрт – Наманган вилоятига ҳар томонлама ёрдам кўрсатиб келади. Хусусан, ушбу маблағларга ҳудудни комплекс ривожлантиришга йўналтирилган “Обод қишлоқ” дастури ҳам амалга оширилмоқда.   

«Фақат ўтган йилнинг ўзидагина ушбу мақсадларга, яъни юртдошларининг турмушини яхшилашга Усмонов томонидан 50 млн АҚШ доллари берилган. Алишер Усмоновнинг Наманган вилояти ривожланишига қўшаётган улкан ҳиссасини қайд этар экан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Наманганда Алишер Усмонов номидаги ёшлар бизнес маркази очилиши режалаштирилаётганини билдирди. Мазкур марказда хорижий мутахассислар ёшларни бизнесни юритиш кўникмаларига ўргатади. Бу Ўзбекистон Президенти ва ҳудуд раҳбариятининг шахсий ташаббуси.  

Жаноб Усмоновни Наманган билан оилавий ришталар боғлаб туради: Алишер Бурхонович Наманган вилоятининг Чуст туманидаги Чуст шаҳрида туғилган, бу ерда унинг отаси прокурор лавозимида, бувиси Марям Атабаевна эса турли ҳокимият органларида ишлаган, у шаҳар ижроия қўмитасининг раиси бўлган биринчи аёл ҳисобланади. Марям Атабаевна пенсияга чиққанидан кейин ёғ-мой заводининг директори лавозимида ишлаган, сўнгра Наманган шаҳрида биринчи “Болалар дунёси”ни ташкил қилган», – дейилади хабарда.

Янгиланди: USM Group компаниясининг изоҳи олинди
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.