Андижон вилоятида қалбаки стикерларни пуллаётган шахслар ушланди
Андижон вилоятида карантин вақтида республика бўйлаб эркин ҳаракатланиш ҳуқуқини берувчи «яшил» йўлак рухсатномасини сохталаштирган бир гуруҳ шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда «Дарё» нашри хабар беради.
Фуқаролар Яшин, Марат ва Қобил (барча исмлар ўзгартирилган) ўзаро тил бириктириб, фуқаро Мавлон Ражабовнинг Spark машинасига карантин вақтида республика бўйлаб эркин ҳаракатланиш ҳуқуқини берувчи «яшил» йўлак рухсатномасини вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси мутахассиси лавозимида ишлаган таниши орқали 1 миллион 200 минг сўмга олиб беришни ваъда қилиб, пулларни олаётган вақтида ушланган.
Терговга қадар текширишлар давомида Яшин ва Марат исмли фуқаролар сохта «яшил» йўлак рухсатномасини тайёрлаб, 10 дан ортиқ фуқарога 250-300 минг сўмдан сотгани аниқланган.
Мазкур ҳолат бўйича вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «б» (Бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб фирибгарлик содир этиш) банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шарҳлар