Андижонда бир гуруҳ шахслар журналистни калтаклади
Андижонда Effect.uz интернет нашри журналисти бир гуруҳ шахслар томонидан калтакланди. Андижон шаҳар халқ депутатлари кенгаши котибияти мудири Раҳим Собировичнинг ўғли томонидан журналистларга қарата куч ишлатилган ва айни вақтда журналистларга босим ўтказилмоқда. Бу ҳақда “Дарё” нашри хабар беради.
Бош прокуратура матбуот хизматининг маълум қилишича, Андижон вилояти прокуратураси томонидан мазкур ҳолат ўрганилмоқда, у воқеа иштирокчиларининг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо беради.
Хаbar.uz нашрининг ёзишича, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ҳам ушбу ҳолатга ўз муносабатини билдирган: “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисидаги, Оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонунларда журналистнинг ўз фаолиятини амалга ошириш чоғида шахс дахлсизлиги кафолатланган, журналистнинг қонунда белгиланган ҳуқуқларини бузганлик, унинг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкига таҳдид, зўравонлик ёки тажовуз қилганлик қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланган.
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси мазкур ҳолатни амалга оширган шахслар хатти-ҳаракатларига муносиб ҳуқуқий баҳо берилишига ва тегишли чоралар кўрилишига ишонади ҳамда Бош прокуратурадан ишни ўз назоратига олишини сўрайди”, — дейилади уюшма баёнотида.
Шунингдек, ташкилот Андижон шаҳар ҳокимлигидан айни вазият юзасидан тезкор муносабат билдиришни ҳамда хизмат текшируви ўтказишни сўраган.
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг муносабати
“ОАВ вакиллари фаолиятига бу каби ноқонуний ва тажовузкор қаршилик қисқа муддат ичида иккинчи бор такрорланаётгани Агентликда алоҳида хавотир уйғотмоқда”, – дейилади хабарда.
АОКА воқеа тафсилотлари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Ички ишлар вазирлигига ҳолатни чуқур ўрганиш орқали қонун устуворлигини таъминлаш бўйича сўровлар юборган.
Фотосурат: Effect.uz
Шарҳлар