Андижонда фуқаро ногиронлиги бор вояга етмаган қизни мунтазам зўрлаб келганликда гумон қилинмоқда

Андижонда фуқаро ногиронлиги бор вояга етмаган қизни мунтазам зўрлаб келганликда гумон қилинмоқда

Андижон вилояти Пахтаобод туманида вояга етмаган ва II  гуруҳ ногирони бўлган қизни 65 ёшли ён қўшниси зўрлаб келган. Бу ҳақда жабрланувчининг онаси ижтимоий тармоқларда очиқ видеомурожаатда маълум қилган, деб ёзади Газета.uz.
 
«Sputnik Ўзбекистон» нашрининг ёзишича, она қизининг илмга чанқоқлигини кўриб, одамларга қўшилсин деган мақсадда мактабда ўқитишга қарор қилган. Пандемия вақтида онлайн тарзда ўқиши учун унга планшет сотиб олиб берган. Чексиз интернет тармоғидан фойдаланиши давомида қиз тасодифан порнографик видеороликка гувоҳ бўлган ва уни онасига кўрсатиб, “Бу бахтли ҳаёт, фалончи амаки айтди…” дея ўзи ва қўшниси ўртасида юз берган ҳолатлар ҳақида онасига айтиб берган. Она илк маротаба шунда қизи 65 ёшли қўшниси М.М. (исми ўзгартирилган) томонидан зўрланаётганлигини билиб қолган.

“Қайнотам “Келин, бир умр ногирон боқиб, уйда ўтириб қолдингиз. Сиз ҳам бундоқ ишга чиқиб одамларга қўшилинг” деганлиги учун тумандаги тикув фабрикасига ишга жойлашган эдим. Пандемия вақтида уйимиз деразаларини михлаб қўйган эдик. Қўшни ўзининг ғаразли мақсадига етиш учун ана шу михларни суғуриб, деразадан тушган ва ҳар гал шу дераза орқали уйга кириб турган. Қизимни эса “Онангга айтма, бахтли бўласан, қизим, ногирон бўлганинг учун сенга бу ҳақда гапиришмаган, аслида ҳамма шундай қилиб, эрга тегади” каби сўзлар билан алдаб келган. Оғриқни қолдириш мақсадида ёки ҳомиладор бўлиб қолмаслиги учунми, “Грипп бўлмайсан” деб қизимга аллақандай дорилар ичириб келган”, – дейди жабрдийданинг онаси.

Она айрим сабабларга кўра қизи охирги маротаба зўрланганидан бир ой ўтиб, туман ИИБга мурожаат қилган. Бироқ иш қизнинг ўз хоҳишига кўра юз бериб келганлиги важи билан тугатилган.

Аммо қизнинг оила аъзолари юқори ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига такрор мурожаат қиллавергач, бу иш бўйича ҳозирда қайта тергов очилган.
“Қизим аввалдан ногирон бўлиб туғилмаган. У болалигида бир маротаба “судорги” бўлиб, эътиборсиз қолдирилган. Шунинг асорати, у тез-тез тутқаноққа чалиниб туради. Қолаверса, бўлган ишлар унга ёмон таъсир қилганидан эсига тушса, қайта-қайта гапириб берадиган бўлиб қолди”, – дейди онаизор.

Жабрланувчининг 2020 йил 29 сентябрдаги аризасига биноан 2020 йил 4 ноябрь куни Пахтаобод тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 128-моддаси 1-қисми билан (Шахснинг ўн олти ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган ҳолда у билан жинсий алоқа қилиш ёки жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш) жиноий иш қўзғатилган.

Ҳозирда жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.