АОКА оммавий ахборот воситаларига юборилган огоҳлантиришларга изоҳ берди
20-23 ноябрь кунлари Kun.uz, Daryo.uz, Gazeta.uz, Podrobno.uz, Repost.uz нашрларининг таҳририятлари Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигидан (АОКА) огоҳлантиришлар олганди. Агентлик ушбу масалага ойдинлик киритди.
«Масалан, “Kun.uz” сайтида ижтимоий тармоқлардаги айрим фойдаланувчиларининг турли шарҳлари, ҳақоратли фикрлари ва чақириқлари жамоатчилик фикри сифатида тақдим этилган. Шунингдек, 17 ноябрь куни “Gazeta.uz”, “Daryo.uz”, “Podrobno.uz”, “Repost.uz” веб-сайтларида жойлаштирилган материалларда коронавирус инфекцияси билан касалланганлар статистикаси шубҳа остига олинган ва ушбу масала юзасидан расмий изоҳлар тақдим этилмаган», – дейилади хабарда.
Регуляторнинг қайд этишича, «журналистиканинг асосий мақсади — жамиятга ҳар томонлама текширилган, барча нуқтаи назарлар мужассамлашган, холис ахборотни масъулият билан етказишдан иборат».
Бундан олдин Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси Тим Торлот ўзининг Твиттердаги саҳифасида шундай деганди: «Мен АОКАнинг масс-медиани қўллаб-қувватлашга бўлган ёндашуви яқинда ўзгарганидан ҳайронман ва бундан хафаман. Демократик жамият ишончли, эркин медиасиз қурилиши мумкин эмас».
Агентликнинг қайд этишича, шу йил декабрь ойида давлат органлари фаолиятининг очиқлигини аниқлаш мезонлари тасдиқланиши режалаштирилмоқда. “2021 йилдан бошлаб ҳар чоракда ушбу мезонлар бўйича тузилган рейтинг эълон қилиб борилади. Рейтинг натижалари Парламентнинг тегишли йиғилишида муҳокама қилинади”.
«Агентлик ҳамда унинг ҳудудий бошқармалари ҳузурида “Диалог майдончаси” фаолияти йўлга қўйилаётгани яна бир муҳим қадамлардан биридир. Бу лойиҳа оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерларнинг ҳуқуқларини таъминлаш, уларни ҳимоя қилиш, зарур ҳуқуқий маслаҳатлар ва кўмак беришга йўналтирилган», – дея қайд этади регулятор.
Шарҳлар