АҚШ агентлиги Ўзбекистонга коронавирусдан ҳимояланиш учун 600 та тўплам тақдим этди
20 февраль куни АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси ходимлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Республика ўлат профилактикаси, карантин ва ўта хавфли инфекциялар марказида Ўзбекистоннинг коронавирус тарқалмаслиги борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш учун 600 та индивидуал ҳимоя воситалари тўпламини тақдим этди. бу ҳақда АҚШ элчихонасининг матбуот хизмати хабар беради.
Бундан олдин, январь ойида, Соғлиқни сақлаш вазирлиги индивидуал ҳимоя воситалари ва коронавирус диагностикаси учун тест-тўпламларни етказиб бериш ҳақидаги илтимос билан барча халқаро донорларга мурожаат қилганди. Бунга жавобан Таҳдидни камайтириш бўйича АҚШ агентлиги (DTRA) 600 та ИҲВни, шу жумладан комбинезонлар, юз учун ниқоблар, пластик ниқоблар, N95 моделидаги респираторлар ва қўлқоплар харид қилишга маблағ ажратди.
Республика маркази директори доктор Сайдалиев АҚШ ҳукуматига Ўзбекистон сўровига берган тез жавоби учун миннатдорчилик билдирди. Марказ директорининг ўринбосари доктор Мадаминов индивидуал ҳимоя воситалари ИҲВ миллий резервининг бир қисми сифатида сақланишини ҳамда мамлакатда коронавирус аниқланган тақдирда қўлланишини қайд этди.
Шарҳлар