АҚШ Мудофаа вазирлигининг таҳдидларни камайтириш агентлиги Ўзбекистон ССВга Covid-19ни аниқлаш бўйича 1000 та тест тақдим этди
АҚШ мудофаа вазирлигининг таҳдидларни камайтириш агентлиги Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлигига беғаразлик асосида 1000 та тест тақдим этди. Ёрдам Агентликнинг бош пудратчиси бўлган Тошкентдаги TMC Global Professional Services компаниясининг экспертлари томонидан ташкил қилинган амалий тренингни ўтказиш муносабати билан тақдим этилди. Ушбу тренинг босқичма-босқич тузилмага эга бўлиб, у соғлиқни сақлаш вазирлигининг дигностика лабораториялари томонидан тестдан ўтказиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.
Тренингнинг биринчи босқич натижаларига кўра, соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида фаолият кўрсатувчи 5 та тажрибали мутахассис кўникмаларини ошириш имконига эга бўлди ва кейинроқ ўзлари 17 нафар лаборатория мутахассисини замонавий ПЗР диагностикаси методига ўргатишди. Ушбу метод янги коронавирусни аниқлаш учун ЖССТ томонидан тавсия этилган ягона усул ҳисобланади.
Тренинг 2020 йил 7 апрель куни Тошкент врачлар малакасини ошириш институти (ТошВМОИ)да бошланди ва сўнгра кенгайиб, Тошкент, Бухоро ва Нукусдаги Республика ўлат, карантин ва ўта хавфли инфекциялар профилактикаси маркази лабораторияларини қамраб олди.
Қўшимча тренинглар Тошкент ташқарисида жойлашган лабораторияларда, ТошВМОИга АҚШ мудофаа вазирлигининг таҳдидларни камайтириш агентлиги томонидан тақдим этилган масофавий таълим бўйича видео-ускуналардан фойдаланган ҳолда, ташкил қилинди. Ушбу инновацион видеотизим тренерларга Тошкентда туриб, жойларда тренинг ўтказиш билан боғлиқ техник қийинчиликлар юзага келган ҳудудлардаги техник мутахассисларни масофадан бошқариб туриш имконини берди.
Шарҳлар