Азимжон Асқаровнинг жасади дафн этиш учун Ўзбекистонга олиб келинди

Азимжон Асқаровнинг жасади дафн этиш учун Ўзбекистонга олиб келинди

Ҳуқуқ ҳимоячиси Толекан Исмаилованинг айтишича, 31 июль куни Азимжон Асқаровнинг фарзандлари отасининг жасадини Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасида кутиб олган. Асқаровлар оиласи ва ҳуқуқ ҳимоячилари Қирғизистон консуллик хизмати марҳумни мамлакатдан олиб чиқишга рухсат беришини беш кун кутган, дея хабар беради Kloop.kg.

«Биз туни билан ухламадик, қандай келишаётгани борасида [жасадни олиб келаётганлар билан] алоқада  бўлдик. Ҳамкасбларим йўлда турли одамлар ҳужум қилиши ёки чегарада кутиб туришидан қўрққанди. Эрталаб соат 8 ларда чегарада “Достук”да Асқаров билан унинг дўстлари, ўшлик адвокатлар, журналистлар хайрлашди. Ўзбекистонда уни фарзандлари, жуда жиддий ва кучли ҳуқуқ ҳимоячилари кутаётганди», — дейди Исмаилова.

Қирҳизистон ТИВнинг консуллик хизмати Асқаровнинг жасадини 30 июль куни кечқурун олиб чиқишга рухсат берган. ТИВ матбуот котиби Улан Дийканбаев идоранинг қарори ҳақидаги ахборотни 24.kg ахборот агентлигига тасдиқлаган

«Азимжон Асқаров оиласининг мурожаатига мувофиқ Ўзбекистон томон билан маслаҳатлашувлар ўтказилди, уларнинг якунлари бўйича барча санитария-эпидемиологик нормаларга мажбурий амал қилган ҳолда, қариндошларининг илтимосини қондириш бўйича ўзаро англашувга эришилди», — дейди у.

Исмаилова “ҳамроҳлик қилиш жараёнини кузатиб борган” Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги консуллигига ҳамда ушбу масалани ҳал қилган барча маҳаллий амалдорларга ташаккур билдирди.

«Маълум бўлишича, бу энг олий даражада ҳал қилинган, ҳукуматлараро музокаралар ўтказилган», — дейди ҳуқуқ ҳимоячиси.

“Фергана” нашрининг маълумотларига кўра, Азимжон Асқаровни дафн этиш маросими Тошкент вилоятининг Янгибозор қишлоғида ўтказилган.


Фотосурат: «Фергана» АА

Қайд этиб ўтамиз, ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаров 2010 йилда умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинганди. У Қирғизистон жанубида миллатлараро низо пайтида қўлга олинган ва қатор жиноятларда, шу жумладан оммавий тартибсизликларни ташкиллаштиришда айбланган.
25 июль куни Асқаров Қирғизистонда колонияда вафот этган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.