Azon.uz бош муҳаррири нашрга ўтказилган босим ҳақида хабар берди

Azon.uz бош муҳаррири Абдулазиз Муборак (Абдулазиз Раимов) Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раисининг ўринбосари Дилшод Эшнаев томонидан нашрга босим ўтказилгани ҳақида хабар бериб, ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзган. Бу ҳақда “Газета” нашри хабар беради. Унинг сўзларига кўра, таҳририят “биринчи марта босимга учраётгани йўқ, эҳтимол бу охиргиси ҳам эмасдир”. “Аммо қачонгача? Босим ва таҳдидларнинг чеки борми?” — деб ёзади у ўзининг Facebook тармоғидаги саҳифасида..

Ислом мавзусига ихтисослашган Azon.uz сайти 2017 йил август ойидан буён ишлайди. Нашрнинг мақсади – аҳолининг ахборот эҳтиёжини қондириш, дин ва маърифат соҳаларидаги ўзгаришларга ўз ҳиссасини қўшиш, мамлакат ва хориждаги воқеаларни таҳлил қилиш.
 
Абдулазиз Раимовнинг маълум қилишича, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг ўринбосари Дилшод Эшнаев сайтда эълон қилинган икки мақола («Қорилар маҳалласи – Президентнинг таклифи аҳли илмларни тўлқинлантириб юборди» ҳамда «Шавкат Мирзиёев диний соҳада қандай эркинликларни қайтарди?») бўйича муассис Мубашшир Аҳмадга қўнғироқ қилиб, юқоридаги мақолалар учун жуда қаттиқ ҳақорат ва таҳдид қилган. Шундан сўнг Абдулазиз Раимов мақолаларни ўчиришдан бош тортган ва ишдан бўшаш учун ариза ёзган.

Абдулазиз Раимовнинг қўшимча қилишича, авваллари олиб ташланган бир неча мақолалар ҳам айнан Дилшод Эшнаевнинг қўнғироқлари орқасидан ўчирилган.

Абдулазиз Муборакнинг таъкидлашича, нашр таъсисчиси охирги пайтларда “президент сўзлари ва ташаббусларига катта урғу берилаётгани” учун таҳриятни танқид остига олган.

Дин ишлари бўйича қўмитанинг матбуот хизмати қўмитанинг асосий вазифаларини санаб ўтди.

  • виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ дин соҳасидаги ягона давлат сиёсатини амалга ошириш;
  • Ўзбекистонда дунёвий давлат тамойилини амалга ошириш, фуқароларнинг виждон эркинлиги кафолатларини ҳимоя қилиш;
  • диний фанатизм ва экстремизм ғояларини, динлараро нафратни ўт олдиришга қаратилган ҳаракатларни тарқатишга йўл қўймаслик бўйича чораларни кўриш ва бошқалар.

Қўмита республикада чоп этиладиган ёки хориждан келадиган диний характердаги маҳсулот (босма ва электрон нашрлар, аудио-, видеокассеталар, CD-, DVD-  ва бошқа дисклар) экспертизасини ҳам амалга оширади ва бу борадаги фаолиятни мувофиқлаштиради.

«Шундай қилиб, Дин ишлари бўйича қўмита диний-маърифий сайтларга маслаҳатлар ва тавсиялар бериши мумкин. Бироқ унда бирор-бир сайтдан ахборотни олиб ташлашга мажбур этишга ваколат йўқ. Шунга мос равишда, биз қўмита раҳбариятидан Azon.uz сайтида чоп этилган алоҳида мақолаларни олиб ташлашга буйруқ бўлмаганини қатъий билдирамиз», — дейилади хабарда.

«Баёнот якунида юртдошларимизни Дин ишлари бўйича қўмита мақолани олиб ташлаш мақсадида Azon.uz таҳририятига ва жамоасига босим ўтказмаганини, балки аксинча, янгиликлар ва мақолалар фойдали ва холис бўлиши учун нашр билан мунтазам равишда ҳамкорлик қилганини таъкидлашни истардик», — дея қайд этилади матбуот хизматининг хабарида.

АОКА ҳолат юзасидан расмий баёнот эълон қилди. «Ўзбекистоннинг янги очиқлик ва ошкоралик сиёсатида давлат идоралари ва журналистлар ўртасидаги баҳсли масалалар имкон қадар ўзаро келишув, агарда бунинг иложи топилмаса, ҳуқуқий меъёрлардаги тартиблар асосида ҳал этилиши мақсадга мувофиқдир.
 
Хусусан, диний мазмундаги материалларни тайёрлаш ва тарқатишда низоли ҳолатлар юзага келганда ҳам масаланинг ечими суд орқали ҳал этилиши белгиланган».

Шунингдек, АОКА давлат идораларини журналистларга нисбатан босим ўтказмасликка чақириб, таҳририят ходимларини эса журналистлик одоб-ахлоқ қоидаларига амал қилишини сўраган.
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.