Бензин ва дизель ёқилғиси нархларини энди бозор белгилайди
2020 йил 1 майдан бошлаб Аи-80 маркали автомобиль бензини ва дизель ёқилғиси, шу жумладан ЭКО маркали дизель ёқилғиси чакана нархларини давлат томонидан тартибга солиш бекор қилинади. Нефтни қайта ишлаш заводлари уларни фақат биржа савдолари орқали сотади, деб ёзади Norma.uz нашри.
Эслатиб ўтамиз, 2019 йил 15 августдан бошлаб давлат Аи-91 маркали бензинни биржа товарлари жумласига ўтказиб, уни сотиш нархларини белгиламай қўйганди. Бироқ Аи-80, дизель ёқилғиси, шу жумладан ЭКО маркали дизель ёқилғиси учун «давлат нархларини» тегишли ёқилғининг бир литри учун 4 500, 5 400 ва 5 700 сўм этиб белгилашда давом этиб келаётганди.
1 майдан бошлаб ушбу амалиётга ҳам барҳам берилади.
Айни пайтда: биринчидан, бюджет ташкилотлари, пахта хомашёси ва ғалла ишлаб чиқарувчи фермер хўжаликлари ва пахта-тўқимачилик кластерлари, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ, «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ, маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш бўйича давлат корхоналарига дизель ёқилғиси (шу жумладан, ЭКО маркали дизель ёқилғиси) ўтган чоракдаги биржа савдолари натижаларига кўра шаклланган ўртача биржа нархлари бўйича тўғридан-тўғри шартномалар асосида сотилади. Шунингдек, уларга нефтни қайта ишлаш заводларидан нефть маҳсулотларини биржа савдолари орқали харид қилиш ҳуқуқи тақдим этилади;
иккинчидан, нефтни қайта ишлаш заводлари «Ўзбекнефтгаз» АЖ нефть базаларининг буюртманомаларига кўра юқорида кўрсатиб ўтилган истеъмолчиларга сотилган дизель ёқилғиси (шу жумладан, ЭКО маркали дизель ёқилғиси) ҳажми учун «Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан белгиланадиган чегирмани тақдим этади;
учинчидан, 2020 йил 1 майдан бошлаб нархларни жаҳон биржаларидаги Brent нефти котировкаларига боғлаб қўйган ҳолда, «Ўзбекнефтгаз» АЖ ва «Шўртан ГКК» МЧЖ томонидан сотиладиган нефть ва газ конденсати учун янги ички тармоқ нархлари, нефть маҳсулотлари ва углеводородларни импорт қилиш билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига нефть маҳсулотлари ва углеводородларни нефть базаларининг бўш сиғимларида сақлаш бўйича хизматлар кўрсатиш учун тарифлар белгиланади.
Шарҳлар