Би-би-си Нюс Ўзбек хизмати “Бобурий маликалар изидан” номли ҳужжатли-драматик фильмини тақдим этади
BBC News Ўзбек хизмати “Бобурий маликалар изидан” номли уч қисмдан иборат ҳужжатли-драматик фильм суратга олди.
Фильмда шоҳ ва шоир, Ғарбда Ҳиндистондаги Мўғуллар салтанати асосчиси деб танилган Заҳириддин Муҳаммад Бобур оиласидаги аёллар ҳаётининг очилмаган қирраларига эътибор қаратилади.
Ўзбекистон, Ҳиндистон ва Афғонистонда суратга олинган ушбу фильм қаҳрамонлари каби унда иштирок қилган мутахассислар ҳамда суҳбатдошлар хотин-қизлардир.
Унда Бобурнинг «Бобурнома» асари ҳамда унинг қизи Гулбадан бегимнинг – «Ҳумоюннома»сидан парчалар жонлантиради. Либослар ҳам айнан ўша давр руҳини бериш учун танланган.
Фильм муаллифи, BBC News Ўзбек журналисти Гулсевар Замон Бобур Шоҳ оиласи уч авлоди вакиллари бўлган аёллар тарихини ўрганди.
Булар Бобурнинг она томондан бувиси Эсон Давлат бегим, опаси Хонзода бегим ва қизи Гулбадан бегимлардир. Гулсевар ўз изланишлари давомида Ўзбекистонда адабиётшунос олималар Буробия Ражабова, Каромат Муллахўжаева, Ҳиндистонда эса, ёзувчи Ира Мухоти билан суҳбатлашади. Ира Мухоти “Қуёш қизлари: Мўғуллар империясининг қироличалари, маликалари ва бегимлари” китоби муаллифидир. У суҳбатдошларидан бир замонлар ўта қудратли бўлган сулола маликалари нима учун тарих китобларидан лойиқ ўрин эгалламагани ҳақида сўрайди.
Айни лойиҳа раҳбари BBC News Ўзбек муҳаррири Дилором Иброҳимова: “ Бобурий маликалар изидан” ҳужжатли фильмида биз тарих саҳифаларидан ўчиб кетган аёлларни қайта тиклашга ҳаракат қилдик. 500 йил аввал улар обрўли ва таниқли лидерлар ўлароқ қудратли сулоланинг марказида туришган, биз уларнинг тарихини ҳикоя қилар эканмиз, ўз замонасида бу кучли аёллар эркаклар томонидан қанчалар ҳурмат ва эъзозга лойиқ бўлишганидан ҳайратга тушдик. Бу қудратли аёлларнинг тарихини бугунги ёш авлодга етказиб бермоқчи бўлдик. Биз тарихимиздаги шижоатли аёллар меросини бугун Марказий Осиёдаги хотин-қизларнинг интилишлари, орзу ва умидлари билан боғлашга ҳаракат қилдик”, дейди.
“Бобурий маликалар изидан” фильмида Ўзбекистон театрлари санъаткорлари рол ўйнашган: Дилором Абдуалимова (Гулбадан Бегим), Расулхон Қодирхонов (Бобур) ва Дилёра Рузметова (Хонзода Бегим). Суратларни ўзбекистонлик ёш рассом Исомиддин Эшонқулов чизган.
Фильмни келаси уч ҳафта давомида ВBC News Ўзбек вебсаҳифаси bbc.com/uzbek ва YouTube каналида томоша қилиш мумкин. Шунингдек, ВBC News Ўзбек Афғонистон учун кундалик телевизион дастурининг “Маданий Мерос” рукнида ҳам намойиш этилади. Телевизион дастурлар ҳафтанинг иш кунлари Афғонистоннинг «Орзу» (Arezo) Телевизионидан маҳаллий вақт билан 18:00 да эфирга узатилади. Ўзбекистоннинг илғор телевизион канали Sevimli TV ҳам бу уч қисмдан иборат ҳужжатли-драматик фильмни келаётган ҳафталар намойиш этади.
BBC News Ўзбек Хизмати Ўзбекистон, шунингдек, Афғонистон ва дунёнинг бошқа ҳудудларидаги ўзбек тилида сўзлашувчилар учун ўз контентини таклиф этади ҳамда минтақадаги йирик ахборот етказувчилардан саналади. bbc.com/uzbek ва YouTube, каналига қўшимча равишда BBC News Хизмати Facebook, Instagram, Twitter ва Odnoklassniki ҳамда Telegram орқали муштарийлар билан алоқа ўрнатган.
BBC News Ўзбек Би-би-си Жаҳон Хизматининг таркибига киради.
//
Фото: Хонзода Бегим ролида Дилёра Рузметова (Би-би-си муалифлик ҳуқуқи)
Шарҳлар