Бир нечта амалдор лавозимидан олиб ташланди

4 январь куни давлат раҳбари топшириғига асосан Вазирлар маҳкамасида бош вазир Абдулла Арипов ва президент администрацияси раҳбари Зайнилобиддин Низомитдинов ҳузурида 2020 йил якунлари ҳамда 2021 йил учун белгиланган устувор вазифалар тўғрисида йиғилиш ўтказди. бу ҳақда “Газета” нашри ҳукуматдаги манбага таянган ҳолда хабар беради.
 
Йиғилишда бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов бошчилик қиладиган ҳудудларни комплекс ривожлантириш, коммуникациялар, қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги масалалари Комплексига кирувчи вазирликлар ва хўжалик субъектлари раҳбарлари қатнашган.

«Танқидий руҳда ўтган йиғилиш якунлари бўйича президентга ахборот берилган. Бунга асосан давлат раҳбари 5 январь куниги фармони билан уй-жой коммунал хўжалик вазири Музаффар Солиевни ишда йўл қўйган хато-камчиликлари, берилган огоҳлантиришлардан тегишли хулоса чиқармагани учун лавозимидан озод қилган. Бундан ташқари, президент Автомобил йўллари қўмитаси раиси Абдурахмон Абдувалиевга ҳайфсан эълон қилди, ҳамда қурилиш вазири Ботир Зокировга огоҳлантириш берди», — дейди “Газета” нашрининг манбаси.

Абдурахмон Абдувалиев 6 ойда кўрсатилган камчиликларини бартараф этмаса, лавозимида қолиш масаласи кўриб чиқилади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон транспорт вазирининг ўринбосари Даврон Деҳқонов ҳам ўз вазифасидан озод этилди.

Даврон Деҳқонов 2019 йилда вазирлик ташкил қилинган пайтдан бошлаб транспорт вазирининг ўринбосари лавозимида ишлаб келаётганди. Бундан олдин эса “Ўзбекистон темир йўллари” компанияси бошқаруви раисининг ўринбосари лавозимида фаолият кўрсатган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.