«Биз кутиб чарчадик»: Ўзбекистонда 130 нафар Украина фуқароси эвакуацияни кутяпти
Украина ТИВ чет элда қолиб кетган барча украиналикларни уйга қайтаришни ваъда қилганди. Аммо ҳозир тахминан 130 нафар Украина фуқароси Ўзбекистон Республикасида бўлиб, анча пайтдан буён Ватанига учиб кета олмаяпти. Уларнинг узоқ кутилган рейси қачон амалга ошиши – номаълум. Бу ҳақда Украинанинг “24” канали хабар беради.
Ҳозир Ўзбекистонда бўлган Херсонлик фуқаро Руслан Камалов 24 канали эфирида 2020 йил 3 апрель ҳолати бўйича эвакуация билан боғлиқ вазият олдингига қараганда янада кескинлашган.
«Одамлар яхши вазиятда эмас, кўпчиликнинг пули ва умуман уни топиш йўллари тугаяпти. ТИВ алоқага чиқмаяпти. Элчихона ҳеч нима қила олмаяпти. Уларнинг айтишича, берилаётган ахборот ва уриниб кўриш механизмлари мутлақо турлича ва бир-бири билан боғланмаган», – дейди Камалов.
У ва бошқа фуқаролар уйга қайтишга улгурмаганини қайд этади. Владимир Зеленский улар Украинага қайтиши учун 3 кун борлигини хабар қилганида Ўзбекистон чегаралари ёпилиб бўлганди.
Кейинчалик Украинанинг Ўзбекистондаги консуллигида одамларни эвакуация қилишни ваъда беришади.
«Мен эфирда ушбу вазият ҳақида гапириб берганимдан кейин консуллар бизга қўнғироқ қила бошлашди. Улар биз пуллик обсервацияга тайёр-тайёр эмаслигимизни сўрашди. Бир кишига 200 евродан дейишди. Ҳамма рози бўлди», – дейди у.
Эртаси куни Украина фуқаролари 31 март кунига рейс тайёрланаётганидан хабардор бўлишади. Аммо рейс амалга ошмади, Украина элчихонаси вакилининг сўзларига кўра Вазирлар Маҳкамаси рейснинг учиб кетишига рухсат бермаган ва бундай қарор сабабини ҳам тушунтирмаган.
«Бизга парвоз учун энг яқин сана 24 апрель эканини айтишди. Лекин, ўйлашимча, бу анча кейинроқ юз берса керак», – дейди Камалов.
Унинг сўзларига кўра Консуллик ҳар бир фуқарога 50 доллардан ажратиши мумкин. Бироқ бу маблағ фақат 3 кунга етади, дея қайд этади «24» канали.
«Шу 50 долларни олиш учун ҳам ҳужжатлар пакетини тўплаш керак экан, у бизда Украинадан ёрдам йўқлигини ва Ўзбекистонда пул ишлаш имконияти йўқлигини тасдиқлармиш. Бу ҳужжатларни тўплашнинг имкони йўқ, чунки ҳозир ҳамма жой ёпилган», – дея қайд этади Камалов.
Украиналиклар ватанига ўз маблағлари ҳисобидан қайтишга тайёрлигини билдиришяпти.
«Биз кутишдан чарчадик. Ҳамма обсервациядан ўтишга тайёр. Бизда Вьетнам рейсидаги каби ваҳима кўтарадиган одамлар йўқ. Орамизда аёллар, болалар ва катта ёшли одамлар бор, улар мулоқот қилишга тайёр», – дейди Камалов.
Шарҳлар