«Бизга нефть беринг, ишлашни хоҳлаймиз». Фарғонадаги завод ишчилари ишсиз қолаётганини айтмоқда
Фарғона вилоятидаги Олтиариқ ёқилғи ишлаб чиқариш корхонаси ходимлари «Дарё»га мурожаат қилиб, заводга хом ашё етказиб берилмаётгани ва натижада иш тўхтаб қолиб, ишчилар ойлиги камайиб кетганидан шикоят қилди.
Маълум бўлишича, иш ҳақи ва иш ўринлари қисқартирилишидан норози бўлган ўнлаб ишчилар корхона олдида тўпланиб, масъулларга видеомурожаат йўллаган. Видеотасвирларда корхона ишчилари «Бизга ёрдам беринг!», «Бизга нефть беринг!», «Биз ишлашни хоҳлаймиз!», «89-моддага қаршимиз» каби ёзувларни кўтариб олганини кўриш мумкин.
Фотосурат: Дарё
Ходимларнинг айтишича, уларга Меҳнат кодексининг 89-моддасига асосан огоҳлантириш хатлари берилмоқда. Бир неча марта йиғилиш ўтказилиб, 2021 йилнинг март ойидан бошлаб корхона янги иш тартибига ўтиши, иш вақти қисқартирилиши ва шунга мос тарзда иш ҳақлари камайтирилиши айтилган.
Корхона ишчиларининг таъкидлашича, заводга қарийб 10 ойдан бери хом ашё — газ конденсати етказиб берилмаяпти. Корхонанинг ишлаб чиқариш фаолияти тўхтаб қолган. Ишчиларнинг кўпчилиги ободонлаштириш ва қурилиш ишларига жалб этилган. Улар завод бутунлай ёпилишидан ва 800 нафардан ортиқ ходим ишсиз қолиб кетишидан хавотирда.
Завод раҳбарининг кадрлар масалалари бўйича ўринбосари Жаҳонгир Асомов вазият бўйича батафсил маълумот берди. Унга кўра, Олтиариқ ёқилғи ишлаб чиқариш корхонаси 1905 йилда фаолият бошлаган. Корхонанинг олтита асосий технологик қурилмалари ҳамда ёрдамчи цехлари 1940—1950 йилларда ишга туширилган ва ўша даврда мавжуд бўлган технологияларга мувофиқ 80 йилларда реконструкция қилинган. Ҳозирги кунда бешта технологик қурилмалар яроқсиз ҳолга келган. Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига мувофиқ, 2020 йил 7 мартда Давлат активларини бошқариш агентлиги, Jizzakh Petroleum масъулияти чекланган жамияти ва Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи ўртасида ишончли бошқарув шартномаси тузилган. Мазкур шартномада «Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан заводнинг барқарор ишлашини таъминлаш мақсадида ишончли бошқарув даврида йилига 250 минг тоннадан кам бўлмаган миқдорда ва тармоқ ички нархларида газ конденсати етказиб берилиши белгиланган.
Бироқ Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2020 йил 4 июлда тасдиқланган Фарғона нефтни қайта ишлаш заводини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар дастурида газ конденсатини жаҳон бозорларидаги нархдан келиб чиққан ҳолда олиш кераклиги қайд этилди. Шунинг учун 2020 йилнинг март ойидан буён газ конденсатини тармоқ ички нархларида олиш имкони бўлмади. Бу эса ишончли бошқарув шартномасида олдиндан кўзда тутилган талабларнинг бажарилмай қолишига сабаб бўлди.
Фотосурат: Дарё
2020 йилнинг 22 январь куни Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи ва «Ўзбекнефтгаз» АЖ ўртасида завод фаолияти учун 2020 йилда 255 минг тонна газ конденсати етказиб бериш бўйича шартнома тузилган. Лекин 2020 йилнинг январь—май ойларида 67,6 минг тонна хом ашё қайта ишлаш учун етказиб берилди, холос. Хом ашё етказиб беришга доир тузилган шартнома шартларининг бажарилмай қолиши ҳамда карантин чекловларининг жорий этилиши завод қайта ишлаш қувватларининг пасайишига, иш ҳажмининг камайишига олиб келди.
Олтиариқ ёқилғи корхонасининг ишлаб чиқариш фаолияти тўхтатилганига қарамай, ўтган давр мобайнида корхонадаги мавжуд штат бирликлари сақлаб қолинган. Иш ҳажми йўқлигига қарамай, ишчиларга иш ҳақлари тўлиқ тўлаб берилган, шунингдек, жамоа шартномасида кўрсатилган барча имтиёз ва кафолатлар таъминланган. Хусусан, 2020 йил давомида ишчи-ходимларга 39 миллиард 428 миллион сўм иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар амалга оширилган. Ишчиларнинг ўртача иш ҳақи 2019 йилда 3,16 миллион сўмни, 2020 йилда эса 3,96 миллион сўмни ташкил этган.
Корхонадаги мавжуд иш ўринларини сақлаб қолиш мақсадида 2021 йилнинг март ойидан айрим ходимлар гуруҳи учун Меҳнат кодексининг 89-моддасига мувофиқ меҳнат шартларини ўзгартириш, иш вақтини ва унга мутаносиб равишда иш ҳақини қисқартириш режалаштирилган. Мазкур чора вақтинчалик бўлиб, ишлаб чиқариш қувватлари ва иш ҳажми ошиши билан аввалги меҳнат шартлари қайтарилиши кўзда тутилган. Бу чоралар иш ўринларининг қисқаришига ёки корхонанинг ёпилишига олиб келмайди, дейилади хабарда.
Шарҳлар