Блогер Отабек Сатторийга нисбатан қўзғатилган жиноят ишини тергов қилиш ишлари якунланди

Сурхондарё вилоят ИИБ Тергов бошқармаси блогер Отабек Сатторийга нисбатан қўзғатилган жиноят иши доирасида дастлабки тергов ишларини якунлади.
 
Ушбу идора тарқатган хабарга кўра, Отабек Сатторий 2020 йилнинг июнь ойидан 2021 йилнинг январь ойига қадар бўлган вақт оралиғида, фуқароларнинг сир сақланиши лозим бўлган маълумотларини ошкор қилиш билан қўрқитиб ўзгадан мулкини, мулкий ҳуқуқини топширишини, мулкий манфаатлар беришини, мулкий йўсиндаги ҳаракатлар содир этишини талаб қилиб, жабрланувчини ўз мулки ёки мулкка бўлган ҳуқуқини беришга мажбур қиладиган шароитга солиб қўйиш ҳамда нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган тарзда, шу жумладан Интернет жаҳон ахборот тармоғи (“Telegramm”, “Facebook”, “YouTube”) да жойлаштириш орқали туҳмат қилиш, ҳақорат қилиш каби жиноятларни фуқаро Исроил Х., Мастона А., Насиба Н., Тўхтамиш К., Ўткир Т., Ашур Х., Зокиржон Х., Лочин Т.,ларга нисбатан содир қилиб, ушбу фуқароларнинг айримларидан моддий манфаат кўриб келганлиги маълум бўлган.
 
Қайд этиб ўтамиз, 24 февраль куни Отабек Сатторий Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик), 139-моддаси (туҳмат), 140-моддаси (ҳақорат) бўйича айбланган эди.
 
Ҳозирда жиноят иши юзасидан айблов хулосасини тасдиқлаш ва тегишли судловга ошириш учун Сурхондарё вилоят прокуратурасига юборилган.
 
Аввалроқ Отабек Сатторий Термиз шаҳар жиноий ишлар бўйича суди томонидан Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодекснинг 40-моддаси (туҳмат), 41-моддаси (ҳақорат), 202-2 моддаси (ёлғон ахброротни тарқатиш) бўйича айбдор деб топилиб, 40 БҲМ миқдорида жаримага тортилганди.
 
Бош саҳифадаги фотосурат: Отабек Сатторийнинг Facebook тармоғидаги саҳифасидан олинган
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.