Bloomberg: Гулнора Каримова 350 млн доллар миқдоридаги музлатилган активларини қайтариб олиши мумкин

Гулнора Каримова Швейцарияда ўтказилган судда ғолиб чиқди, бу унга музлатилган 350 млн долларлик активларини қайтариб олиш имконини бериши мумкин, деб ёзади UzNews нашри Bloomberg'га таянган ҳолда. 
 
Швейцариянинг федерал апелляция суди Гулнора Каримованинг Гибралтарда рўйхатдан ўтказилган Takilant Ltd. компанияси қонуний бенефициари эканлиги тўғрисидаги даъвосини кўриб чиқиш бўйича қарор чиқарди. 2018 йили ушбу компанияга тегишли 350 млн доллар музлатилган эди.
 
Суд томонидан Б. исмли ўзбекистонлик шахсга нисбатан жиноий иш очилган эди. У Гулнора Каримовага тегишли пулларнинг асл эгасини яшириш мақсадида унинг номидан компаниялар очгани учун ҳужжатларни сохталаштириш ва «пулларни ювиш»да айбдор деб топилган.
 
«Федерал прокуратура Гулнора Каримованинг активларини мусодара қилишга ҳаракат қилгани ва унинг ушбу жараёнда қатнашишдек фундаментал ҳуқуқларини таъминламаганини ҳисобга олсак, бу у учун муҳим ғалаба», — дейди Каримованинг адвокати Грегуар Манжа.
 
Унинг сўзларига кўра, Швейцария прокуратурасида 350 млн доллар маблағнинг ноқонуний келиб чиқиши борасида далиллар етарли эмас. Bloomberg агентлигининг қайд этишича, Швейцария бош прокурорининг офиси изоҳ беришдан бош тортган.
 
Ушбу қарор Швейцария маблағларни Ўзбекистонга қайтаришга қарор қилишидан олдин Гулнора Каримовага маблағларини қайтариб олиш имконини беради.
 
Хабар чоп этилган пайтга Anhor.uz нашри Ўзбекистон Адлия вазирлигидан изоҳ ололмади.

Бундан олдин биз Telia компанияси жанжалдан кейин ҳам Гулнора Каримовага берилган 20 млн доллар миқдоридаги пора ҳақида музокаралар олиб борганини ёзгандик. Сентябрь ойида журналистлар Takilant Ltd. компанияси Гулнора Каримова билан боғлиқлигини ёзганди. Компанияга Каримованинг “ўнг қўли” Гаянэ Авакян раҳбарлик қилган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.