Бобур кўчасида жойлашган 7-уйни тан олиш ҳақида қарор яна кейинга қолдирилди
Тошкентдаги Бобур кўчаси 7-уй қурилиши бўйича барча қарорлар бекор қилинди, янги тарихий ва маданий экспертизани ўтказиш учун конкрет йўриқномалар берилди, дея қайд этади Маданият вазирлигининг матбуот хизмати.
Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаментининг Илмий-эксперт кенгаши фаолиятини тартибга солиш ва уни белгиланган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида назоратга олиш мақсадида жорий йилнинг 30 июнь куни Маданият вазирлиги раҳбарияти томонидан Илмий-эксперт кенгаши аъзолари билан тор доирада йиғилиш ўтказилиб, аниқланган камчиликлар, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш йўллари муҳокама қилинди. Бундан олдин қурувчи ташкилот ўз шикоятида, агар уй узил-кесил ёдгорлик сифатида тан олинадиган бўлса, вазирликдан компанияга 10 млрд сўм ($1 млн дан ортиқ) миқдорида компенсация тўлашни талаб қилганди.
Мазкур масалани атрофлича ўрганиш ва қонуний ҳал этиш мақсадида “JEMCHUG HOUSE” МЧЖ директори Т.Туракуловнинг Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига Илмий-эксперт кенгаши томонидан бир-бирини инкор этувчи қарорлар қабул қилинганлигидан норози бўлиб, ёзган аризаси бўйича Бош прокуратурадан келиб тушган йўналтирув хатига асосан Маданият вазирининг тегишли буйруғи билан махсус ишчи гуруҳ тасдиқланиб, хизмат текшируви ташкил этилган. Натижада вазир қарори билан кенгашнинг олдинги барча хулосалари бекор қилиниб, янги тарихий-маданий экспертиза тайинланганди.
Эслатиб ўтамиз, Бобур кўчасидаги 7-тарихий уй бузилиш таҳдиди остида турибди. Уйнинг тақдири шу пайтгача тўлиқ маданият вазирининг қўлида эди, аммо у бинони маданий мерос объектлари рўйхатига қўшиш ҳақидаги қарорни имзолашга шошмаётган эди.
Шарҳлар