Болалар омбудсмани Тошкентда ўсмир боланинг ушланиши билан боғлиқ вазият ҳақида
«Ща всё будет» (“Ҳозир ҳаммаси бўлади”) Telegram каналининг муаллифи Виталий Хальзунов Тошкентнинг Чилонзор туманида ИИББ ходимлари томонидан 13 ёшли боланинг ушланиши билан боғлиқ воқеани видеога олди. Боланинг айтишича, участка инспектори уни оёқларига ва юзига урган.
Бу воқеа 20 сентябрь куни соат тунги 02:29 да содир бўлган. Боланинг қичқириқларига чиққан Виталий ва унинг дугонаси Анна боланинг онаси билан боғланган. Бу пайтга келиб, ИИББ ходими болани Matiz русумли автомобилга жойлаштирган бўлиб, унда ИИББнинг таниб олиш белгилари бўлмаган. Ёшлар боланинг онаси келиши кераклигини айтган. Видеода ИИББ ходими болани номаълум йўналишда олиб кетаётганини кўриш мумкин, у билан бирга Анна ҳам шу машинага ўтиришга муваффақ бўлади.
Машина участкага келганида, бу ерга боланинг онаси ҳам етиб келган экан, болани қўйиб юборишади.
Виталий Хальзуновнинг қайд этишича, сабаби нима бўлишидан қатъи назар, ушлаш тартибининг ўзига амал қилинмаган: – участка инспектори ўзини болага таништирмаган; – уни куч билан подъезддан олиб чиққан; – хусусий машинага ўтқазган; – болага нимада айбланаётганини ёки нимада гумон қилинаётганини айтмаган; – зудлик билан вояга етмаган боланинг (13 ёшли) ота-онаси билан боғланмаган; – баённома тузмаган.
Тошкент шаҳар ИИББда юз берган воқеа ИИББ бошлиғининг назорати остида эканини қайд этишмоқда. Шунингдек вазиятни Ёшлар ишлари бўйича агентлик ҳам ўз назорати остига олган. Болалар омбудсмани Алия Юнусова Anhor.uz нашрига берган изоҳида юз берган воқеа катта хавотир туғдирганини қайд этади.
«Мен бу ҳолатни Тошкент шаҳар ИИББ билан боғланиб, назорат остига оламан. Суратга олинган видео алоқадор шахсларни аниқлаш ва уларнинг ҳаракатларини тўғри малакалаш имконини беради. Албатта, телефон суҳбатини эшитган ва ўсмирнинг қонуний вакили бўлган онаси келишини кутишни рад этган ички ишлар органлари ходимларининг хатти-ҳаракатлари кишини ажаблантиради. Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ ҳар бир киши дахлсизликка, ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг ҳимоясига ҳақли. Мен Тошкент шаҳар ИИББ ушбу воқеани синчиклаб ўрганади ва ўсмирлар иштирокида бундай ҳолатлар такрорланишининг олдини олиш бўйича тегишли чораларни кўради, деган умиддаман».
Шарҳлар