Бош прокуратура блогер Отабек Сатторий ишида ИИБ томонидан қонунбузарликларни аниқламади

Сурхондарё вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан блогер Отабек Сатторийга нисбатан қўзғатилган жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда Бош прокуратура хабарида сўз боради.
 
Тергов давомида суд ажрими билан Отабек Сатторийга нисбатан "қамоққа олиш" тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Бугунги кунда тергов органига 7 та ҳолат бўйича Отабек Сатторийнинг хатти-ҳаракатлари устидан мурожаатлар келиб тушган бўлиб, ҳозирда ушбу ҳолатларга тергов йўли билан ойдинлик киритилмоқда.
 
Жиноят ишининг қўзғатилиши қонунийлиги ўрганилганда, вилоят ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланмаган.
 
Бош прокуратура маълумотларига кўра, Отабек Сатторий Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар суди томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 40 (Туҳмат), 41 (Ҳақорат қилиш), 202-2-моддалари (Ёлғон ахборот тарқатиш) билан айбдор деб топилиб, унга базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланган.
 
«Бунга унинг 2021 йил январь ойида ижтимоий тармоқларда “Денов кўмир омбори” ҳамда Термиз шаҳридаги ҳайвонот боғи ходимлари мулкларни ўзлаштириш ва бошқа ноқонуний ҳаракатлар содир этганликлари ҳақида ҳақорат ва туҳматлардан иборат ёлғон ахборот тарқатганлиги сабаб бўлган», –  дейилади хабарда.

Аввалроқ Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди васийлик кенгашининг раҳбари Комил Алламжонов нега блогерни кўп сонли одамлар ҳамроҳлигида олиб кетишган деган саволни ўртага ташлаганди.
 

Блогерни қўлга олиш пайти, кадр – BBC Uzbek

«Аммо нега унинг уйи гўёки у хавфли жинотячидай тинтув қилинди? Нега уни кўп сонли одамлар ҳамроҳлигида олиб кетишди? Нега суд муҳокамаси ёпиқ режимда ўтказиляпти? пул ундиришда гумон қилинаётган фуқароларнинг ҳаммасига нисбатан шундай йўл тутишадими? Ёки бу блогерга нисбатан алоҳида “ҳурматми”? Бу нормал ҳолатми? Ички ишлар вазирлиги бу ҳолатга изоҳ бериши шарт. Усулларимиз қачон ўзгаради? Агар уни “повестка” билан чақиришганида, наҳот ўзи келмасди? Нега эҳтиёт чораси сифатида энг шафқатсизи – ҳибсга олиш чораси танланди? Қонун олдида ҳамма тенг бўлгани учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ходимлари ҳаммасини ошириб кўрсатмасин», — деганди у.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.