Бош прокуратура: ДХХ ходимлари Андрей Кубатинга психологик ва жисмоний босим ўтказмаган
Марҳум Андрей Кубатиннинг опаси Ўзбекистон Президентига мурожаат қилиб, 2017 йил 25 март куни унинг укаси Жиноят кодексининг 157-моддаси (давлатга хиёнат қилиш) билан айбланганлигини маълум қилди. Бу ҳақда Kun.uz ёзади.
Унинг сўзларига кўра, Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари укасига нисбатан психологик ва жисмоний босим ўтказган ва у ўзи содир этмаган жиноятда айбини тан олишга мажбур бўлган. 2017 йил 1 декабрда Андрей Кубатин айбдор деб топилган ва Жиноят кодексининг 157-моддасига биноан 11 йилга озодликдан маҳрум этилди.
Марҳумнинг опаси, шунингдек, 2019 йил 26 сентябрда Андрей Кубатин оқланиб, озод қилинганлигини айтди. Бироқ, у ўтган йили коронавирус билан касалланиб, 2020 йил 29 октябрда вафот этди.
Аёл, унинг сўзларига кўра, укасига психологик ва жисмоний босим ўтказган ДХХ ходимларининг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо беришни сўради.
Бош прокуратура томонидан таъкидланганидек, жорий йилнинг 9-февраль куни ДХХ тергов бўлими ушбу ишда иштирок этган Давлат хавфсизлик хизмати ходимларининг ҳаракатларининг қонунийлигини текшириш мақсадида терговга қадар текширув ўтказди.
Андрей Кубатин 2017 йил 10 апрелдан 14 сентябргача тергов изоляторида сақланган.
“Хибсхонага жойлаштириш ва чиқиб кетаётган вақтида унинг баданида жисмоний жароҳатлар кузатилмаган, у соғлиғи бўйича ҳеч қандай шикоят билан мурожаат қилмаган ва унинг соғлиғи, руҳий ҳолати мутахассислар томонидан ижобий баҳоланган. Текширув давомида ушбу жиноят иши қонун доирасида ўтказилганлиги хамда фуқарога ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан ҳеч қандай жисмоний ёки руҳий тазйиқ ўтказилмаганлиги аниқланди”, – дейилади хабарда.
Натижада, жиноят ишини қўзғатишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Бундан ташқари, тўпланган материаллар Ҳарбий прокуратура ходимлари томонидан кўриб чиқилди. Улар жиноий иш қўзғатишни рад этиш тўғрисидаги қарорни бекор қилиш учун асос топишмади.
2021 йил 28 февралда Зангиата тумани прокуратураси шарқшунос олим Андрей Кубатиннинг ўлими бўйича жиноий иш қўзғатишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилди. Унинг опаси Клара Сахарова укаси ётган Зангиота 2-сонли юқумли касалликлар шифохонаси тиббиёт ходимларининг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо беришни сўраганди.
Давлатга хиёнат қилишда айбдор деб топилган ва кейин оқланган шарқшунос олим Андрей Кубатин ўтган йилнинг 29 октябрида коронавирусдан вафот этган эди.
Бош саҳифадаги фотосурат: Андрей Кубатин, Facebook
Шарҳлар