Бош прокуратура қийноқларнинг олдини олиш бўйича мустақил қўмита ташкил қилишни таклиф этмоқда
Ўзбекистонда ушлаб туриш, ҳибсда сақлаш, тергов ва жазони ижро этиш муассасаларида қийноқларнинг олдини олиш бўйича мустақил қўмита ташкил этилиши мумкин. Бу ҳақда Kun.uz бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқованинг сўзларига таянган ҳолда хабар беради.
Ортиқованинг сўзларига кўра, янги қўмита ушлаб турилган ва қамоққа олинганлар сақланадиган жойларга мунтазам равишда мониторинг ташрифларини амалга ошириши, ушбу шахслар билан монеликсиз учрашиши, учрашиш жараёнида таржимон хизматидан ва маълумотларни қайд этиш учун электрон воситалардан фойдаланиши, шахсни тиббий, психологик текширувдан ўтказиш учун мутахассисларни жалб қилиши, бундан ташқари, қийноқдан ҳимояланиш ҳуқуқини таъминлаш масаласида янгича дунёқарашни шакллантиришга қаратилган махсус дастур бўйича тезкор-қидирув, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов ва жазони ижро этиш фаолиятини амалга оширувчи органлар ходимларини ҳар йили ўқитишни йўлга қўйиши назарда тутилган.
Қўмитанинг асосий вазифалари сифатида қуйидагилар кўрсатилган: жисмоний ва юридик шахсларнинг қийноққа доир мурожаатларини кўриб чиқиш; қийноқ ҳолатларига доир ишлар бўйича терговга қадар текширувни амалга ошириш; жиноят ишини юритиш чоғида ушлаб турилган шахсларнинг ягона электрон реестрини юритиш; қийноқдан жабрланган шахсларга етказилган моддий ва маънавий зарарнинг ўрни қопланишини таъминлаш, уларга ижтимоий, ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатиш; қийноқ ҳолатлари содир этилишига шароит яратган мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш ва жавобгарлик масаласи ҳал этилишини таъминлаш назарда тутилган.
“Қийноққа солинган шахсларга етказилган зарар қопланади” – дейди Светлана Ортиқова.
Шунингдек, лойиҳада ушлаб турилган ва қамоққа олинганлар сутканинг исталган вақтида телефон орқали, шу жумладан видеоконференцалоқа режимидан фойдаланган ҳолда мурожаат қилиши мумкин бўлган Қийноқнинг олдини олиш қўмитасининг «call-маркази»ни ташкил этиш белгиланган.
Бош прокурор ўринбосарининг қайд этишича, охирги уч йил ичида прокуратурага ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари томонидан қийноқлар ва қўрқитиш ишлари қўллангани ҳақида 757 та ариза ва хабар келиб тушган. Улардан фақат 33 тасига нисбатан жиноий иш қўзғатилган.
Шарҳлар