Бош прокурор: коронавирусга тест натижалари кейинги кундан кечиктирмасдан тақдим этилади

Бош прокурор: коронавирусга тест натижалари кейинги кундан кечиктирмасдан тақдим этилади

Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошевнинг айтишича, эндиликда президент топшириғига биноан 103 рақамига телефон қилинганда банд бўлиш ҳолатига чек қўйилади. Бундан ташқари, тез тиббий ёрдам хизмати 15 дақиқадан кўп бўлмаган вақтда етиб келиши ва COVID-19 га тест натижаларини узоғи билан бир кунда чиқарилиши таъминланади, деб ёзади Газета.uz нашри.

Президент 15 июль куни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида пандемия билан боғлиқ вазият муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида Соғлиқни сақлаш тизимини танқид қилиб, соҳани яхшилаш бўйича бир қатор топшириқлар берди.

«Бундан буён ҳар бир фуқаромиз «103»га мурожаат қилганда, бандлик ҳолатлари, айниқса узоқ вақт банд бўлиш ҳолатларига мутлақо чек қўйилади», — деди Ниғматилла Йўлдошев.

Унинг сўзларига кўра, бундан буён 15 дақиқадан кўп бўлмаган вақтда зудлик билан тез тиббий ёрдам автомашиналари тегишли ходимлар билан етиб бориши тўлиқ таъминланади.

Шунингдек, «тест намуналари таҳлилларини тест топширгандан сўнг узоғи билан эртаси куни чиқариб бериш ва жавобларни мурожаат қилган фуқароларимизга ўз вақтида етказиш чоралари ҳам кўрилади», — дея қайд этади Бош прокурор.

Бундан ташқари, коронавирусдан профилактика қилиш учун 5 турдаги ва касалликни даволашга мўлжалланган 9 турдаги мажбурий тартибдаги дори воситаларини камида 1 ой, ёки 2−3 ойлик захирасини тўлиқ таъминлаш ва уларни арзон нархларда аҳолига сотиш тартиби ҳам жорий қилинган.

Бу борада, 15 июль куни прокуратура органлари томонидан Тошкент шаҳридаги мавжуд 1700 дан ортиқ дорихона раҳбарлари расман огоҳлантирилгани маълум қилинди

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.