Бош прокурор: Жиззах вилояти ҳокимининг ўринбосари 20 млрд сўмни талон-тарож қилган
23 апрель куни Олий Мажлис Сенатининг 14-ялпи мажлисида бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев ўзлаштириш, ваколатини суиистеъмол қилиш ва мансаб сохтакорлигида айбланган Жиззах вилояти ҳокимининг собиқ ўринбосари Акрам Раҳмонқулов ва бошқа компаниялар раҳбарларининг жиноят иши юзасидан ҳисобот берди, деб ёзади “Газета” нашри.
Бош прокурор собиқ ҳоким ўринбосарининг коррупциявий ҳаракатларини фош этишда жамоатчилик ва блоггерларнинг катта ролини таъкидлаб ўтди.
«Айтиш жоиз, Раҳмонқулов 2018 йилда вилоят ҳокими ўринбосари лавозимига тайинлангач, уюшган гуруҳ тузиб, миллиардлаб бюджет маблағларини талон-торож қилиб келган. Шу мақсадда қурилиш соҳасига масъул вилоят ташкилотлари раҳбарлигига ҳамда вилоят тендер комиссиясига таниш-билишларини қўйиб, улар орқали ўзининг ғаразли мақсадларига шароит яратган», — дейди у.
Фотосурат: Жиззах вилоят ҳокимлиги
Хусусан, унинг сўзларига кўра, 2018−2020 йилларда Акрам Раҳмонқулов «жами 494 млрд сўмлик 82 та объектда қурилиш-таъмирлаш ишларини ўзининг раҳнамолигидаги 9 та пудрат ташкилотларига топшириб, қурилиш ишлари ҳажмини сунъий равишда оширилган нархларда расмийлаштириш, қўшиб ёзиш орқали қарийб 20 млрд сўмлик бюджет маблағларини талон-торож қилган». Бу ҳозиргача терговда аниқланган ҳолатлар, деб айтди у.
Бош прокурор берган маълумотларга кўра, терговда Акрам Раҳмонқуловга тегишли корхоналарда 12 млрд сўм, Жиззах шаҳридаги «Эски шаҳар» буюм бозорида қурилган 172 та савдо дўкони, кўп қаватли уйларда 14 та хонадон, 43 та автомашина, 37 та бошқа кўчмас мулклар борлиги аниқланиб, зарарни ундириш учун хатланган.
Ҳозирда Раҳмонқулов ва унинг 10 нафар жиноий шериклари қамоққа олинган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шарҳлар