Ботир Зарипов Бухоро вилоят ҳокими лавозимига тасдиқланди
Бухоро шаҳрида Халқ депутатлари вилоят кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йил ноябрь ойидан буён Бухоро вилояти ҳокими вазифасини вақтинча бажариб келаётган Ботир Комилович Зарипов номзодини вилоят ҳокими лавозимига тавсия этди. Бу ҳақда президент матбуот котиби хабар беради.
– Вилоятни бошқариш, одамларни сафарбар қилиш осон иш эмас. Буни Зариповнинг ўзиям тушуняпти. Мен уни турли лавозимларда синаганман, охирги уч ойда ҳоким вазифасини бажарувчи сифатида сизлар ҳам синадингиз. Бухоронинг сувини ичиб, чангини ютиб улғайган йигит вилоят шароитини яхши билади. Энг муҳими, бухороликларни яхши кўради, – деди Шавкат Мирзиёев.
Б.Зарипов 1969 йилда Ғиждувон туманида туғилган. Банк соҳасида турли лавозимларда ишлаган. 2016-2020 йилларда республика қурилиш материаллари саноатини бошқарган.
Халқ депутатлари, оқсоқоллар сўзга чиқиб, номзодни қўллаб-қувватлади. Овозга қўйиш натижаларига кўра, Ботир Зарипов Бухоро вилоятининг ҳокими этиб тасдиқланди.
Шунингдек, вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимига Инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари лавозимида ишлаб келган Нозимжон Холмуродов, Бухоро вилоятининг прокурори вазифасига Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари бўлган Маҳмуд Истамов ҳамда Вобкент тумани ҳокими лавозимига Фарҳод Умаров тайинлангани маълум қилинади.
Шарҳлар