Божхона қўмитаси банк ҳисобрақамлари ҳақидаги маълумотдан фойдаланишни хоҳлаяпти
Давлат Божхона қўмитаси “Банк сири тўғрисида”ги Қонунга ўзгартириш киритишни таклиф қилмоқда. Бу ҳақда UzNews нашри ёзади.
Унга мувофиқ, “Банк сири тўғрисида”ги Қонуннинг 8-моддаси қуйидаги мазмундаги бешинчи қисм билан тўлдирилади:
“Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари банк мижози бўлган ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларининг банкда мавжуд бўлган ҳисоб рақамлари, омонатлари (депозитлари), улардаги пул маблағларининг қолдиғи ва операциялар тўғрисидаги ҳамда божхона тўловлари бўйича мажбуриятлар ижроси билан боғлиқ тегишли маълумотларни, агар бу маълумотлар уларнинг зиммасига юклатилган вазифаларни амалга ошириши учун зарур бўлса, олишга ҳақлидир”.
Айни пайтда бу маълумотларни ўз ваколатларидан келиб чиққан ҳолда Ҳисоб палатаси, Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, Адлия вазирлиги ҳамда солиқ органлари олишлари мумкин.
Бош саҳифадаги фотосурат: Kun.uz
Шарҳлар