Давлат божхона қўмитасининг Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўйича бош бошқармаси ходимлари “Тошкент-товарная” божхона постида 9,6 млрд сўмлик контрабандани аниқлади. Бу ҳақда “Ўзбекистон 24” телеканали хабар беради.
 
Маълум бўлишича, Хитойдан келган учта темир йўл контейнерида товар-тақсимлаш ҳужжатларига мувофиқ пойтахтдаги МЧЖлардан бирининг номига автомобиль эҳтиёт қисмлари бўлиши керак эди.
 

«Товарлар божхона ходимлари томонидан кўздан кечирилганида, контейнердаги эҳтиёт қисмлар сони ҳужжатларда ва юк божхона декларациясида кўрсатилганидан кўп экани аниқланди. Бундан ташқари, контейнерда ҳужжатларда кўрсатилмаган кийим-кечаклар, хўжалик моллари ва тиббий анжомлар борлиги аниқланди», - дейди божхона қўмитаси матбуот хизматининг катта инспектори Азиза Заирова.


Айни пайтда ушбу ҳолат бўйича терговгача текширув ишлари ўтказилмоқда.