Бухоро вилоят ҳокимлиги: айни дамда ўқиш жараёни учун мактаб ҳожатхонасидан фойдаланиш тўхтатилди
Ижтимоий тармоқларда Бухоро вилоятининг Когон шаҳридаги 9-сонли мактаб ўқувчилари хожатхона учун мўлжалланган хонада дарс ўтаётганини акс эттирувчи суратлар пайдо бўлди. Вилоят ҳокимлигининг билдиришича, айни дамда хожатхоналар ўқув жараёни учун фойдаланилмаяпти.
«Айни дамда ўқиш учун ушбу хоналардан фойдаланиш тўхтатилди. Вилоят халқ таълими бошқармасининг топшириғи билан бошқа қўшимча дарслар иккинчи смена пайтида нормал кабинетларда ўтказилади», — дейилади ҳокимлик сайтидаги хабарда.
Ҳокимликнинг қайд этишича, 30 йил муқаддам қурилган уч қаватли мактаб биносида машғулотлар учун синфлар етарли эмас, шу боис биринчи қаватда жойлашган хожатхона ва душхоналарнинг бир қисми синфдан ташқари машғулотлар учун қайта жиҳозланган. Жорий ўқув йилида 9-мактаб бир ярим мингдан ортиқ ўқувчини қабул қилди, машғулотлар икки сменада олиб борилмоқда, дея таъкидланади хабарда.
Шарҳлар