Бухоро вилоятининг иккита тумани аҳолиси газ йўқлиги сабабли норозилик белгиси сифатида йўлни тўсиб қўйди
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода Бухоро вилояти аҳолиси автомобиль йўлини тўсиб қўйгани тасвирланган. Видеолавҳа муаллифи таъкидлашича, одамлар газ йўқлиги сабаб нозорилик билдиришмоқда. Тасвирлардан кўриш мумкинки, норозилик иштирокчилари 20 нафар атрофида, уларнинг кўпчилиги — аёллардан иборат. Улар билан ЙҲХБ ходимлари суҳбатлашмоқда, деб ёзади Gazeta.uz.
Вазият бўйича Бухоро вилояти ҳокимияти изоҳ берган. «Ҳолат вилоят ҳокимлиги, секторлар раҳбарлари ва соҳа мутасаддилари томонидан ўрганилмоқда. Ўрганиш якунлари бўйича батафсил ахборот берилади», — дейилади ҳокимият хабарида.
«Ҳудудгаз Бухоро» компания берган маълумотга кўра, воқеа сабабларини аниқлаш учун газ таъминоти филиалининг ходимлари вилоят ҳокимлиги билан биргаликда секторлар раҳбарлари билан учрашув ўтказиб, Бухоро тумани аҳолисининг шикоятларини тинглаган. “Газ таъминоти билан боғлиқ юзага келган вазиятни ҳал қилиш учун барча зарру чоралар кўрилган”лиги қайд этилади.
Компания шу кунларда ҳақиқатдан ҳам Бухоро туманида газ босимининг кескин тушиб кетиши кузатилганини тан олди. Бунга “Соҳибкор” газ тақсимлаш станциясида иккинчи краннинг ёпилиши сабабчи бўлган, натижада маҳаллий тармоқлардаги газ боисми 6 дан 1,8 атмосферагача камайиб кетган, дейилади хабарда.
Шунингдек, Қоракўл туманида газ ва электр таъминотидаги узилишлардан норози бўлган халқ ҳам намойиш ташкил қилган. Маълумотларга кўра, намойишчилар ҳоким ёки масъуллар билан учрашиш умидида Қоракўл туманидан ўтувчи М37 Халқаро Трассани тўсиб қўйган. Қоракўл туман ҳокимлигининг матбуот хизмати 762 та истеъмолчи қайд этилган “Дўстлик” маҳалласининг аҳолиси газ узатилиши билан боғлиқ муаммолар сабабли тартибсизликларни уюштирган.
«Об-ҳаво кескин совуши натижасида ажратилган ресурсга нисбатан газ истеъмолининг ошиши қувурлардаги босимнинг пасайишига олиб келган. Шунингдек газ тақсимотига аҳоли томонидан газ қувурларига ўзбошимчалик билан ўрнатилган қурилмалар ҳам таъсир қилган», — дейилади хабарда.
Маъмуриятнинг қайд этишича, шу куннинг ўзидаёқ авария бригадалари барча газ таъминоти тармоқларини мониторинг қилган ва табиий газ босимини нормаллаштирган.
Айни пайтда “газ тармоғига ўрнатилган ностандарт қурилмаларни” бартараф этиш ва газ тақсимотини тартибга солиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
«Ҳудудгаз Бухоро» барган хабарга кўра, Қоракўл туманидаги «Когон» магистрал газ қувурлари бошқармасига қарашли «Қоракўл» газ тақсимлаш станциясидан тумандаги истеъмолчиларга 6 атмосфера босими остида табиий газ етказиб берилиб келинган. Газ тақсимлаш станциясидаги 2-рақамли жўмрак орқали 1,8−2 атмосферага қисқартирилиши натижасида аҳоли хонадонларига табиий газ таъминоти тўхтаб қолганлиги айтилмоқда.
Бу эса тумандаги «Дўстлик» ва «Қоракўз» маҳалла фуқаролар йиғини аҳолисининг норозилигига сабаб бўлган. Айни вақтда, ҳудудда газ таъминоти тикланди, дейилади хабарда.
Шарҳлар