Cенат сайтида Конституцияга тузатишлар тўғрисидаги қонун эълон қилинди

Олий Мажлис Сенати сайтида “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгаришлар киритиш тўғрисида”ги қонун эълон қилинди, деб ёзади Gazeta.uz.

Ҳужжат 24 ноябрь куни Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган бўлиб, айни пайтда Сенатнинг суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси ишчи гуруҳи томонидан кўриб чиқилмоқда, дейилади парламент юқори палатасининг хабарида.
 
Хусусан, Конституциянинг суд тизимига бағишланган 107-моддаси 1-қисми қуйидаги таҳрирда баён этилиши белгиланган: “Ўзбекистон Республикасида суд тизими Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, ҳарбий судлар, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари, фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман, шаҳар судлари, жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судлари, туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий судлари ва туманлараро маъмурий судлардан иборатдир”
 
Ушбу тузатиш давлат раҳбарининг 24 июлдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил суд самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан боғлиқ, унга кўра 1 январдан бошлаб суд тизимига тегишли ўзгаришлар киритилиши керак.

Қўшимча равишда Конституциянинг айрим моддаларида “қонунчилик” сўзи “қонунлар” ва “қонун ҳужжатлари” сўзларига алмаштириш кўзда тутилган.

Сенат қонунни 18 декабрь куни ўтказиладиган охирги ялпи мажлисда кўриб чиқиши керак эди, бироқ интернетда Конституция бўйича (128-модда) парламент Конституцияга ўзгаришлар тўғрисидаги қонунни фақат у кенг муҳокама қилинганидан кейингина қабул қилиши мумкинлиги ҳақида мақолалар пайдо бўлганидан сўнг бу масала кун тартибидан олиб ташланганди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.