Чирчиқ дарёси соҳилларида бизнес-сити қуриш режалаштирилмоқда
Чирчиқ дарёси бўйида «Дарё бўйи Бизнес сити» лойиҳаси амалга оширилиши режалаштирилган. Ушбу қарор президент Шавкат Мирзиёевнинг 29 май куни Сергели ва Зангиота туманларига бўлган ташрифи давомида давлат раҳбари маъмуриятининг протоколидан жой олгани маълум бўлди. Бу ҳақда Газета.uz Ўзбекистон Президенти администрациясининг баённомасига таянган ҳолда хабар беради.
Мазкур лойиҳанинг ташаббускорлари сифатида Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Иқтисодий ривожланиш ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ва Молия вазирлиги санаб ўтилади.
Чирчиқ дарёси қирғоғининг 16 километрлик қисмини 65−80 метргача торайтириш режалаштирилмоқда. Ҳосил бўлган бўш ер майдонида «Дарё бўйи Бизнес сити» лойиҳаси амалга оширилиб, у ерда ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари яратилади.
Президентнинг «Республика ҳудудларида „Business city“ замонавий ишбилармонлик марказларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» ги қарорига кўра, икки ой муддатда Тошкент ҳокимиятига тегишли Дирекция ташкил этиш, унинг ҳудуд чегараларини белгилаш, бош режани ишлаб чиқиш ва инвесторларни жалб қилиш топширилган.
Молия вазирлиги дарёнинг қирғоғини торайтириш ишларини молиялаштириш учун пойтахт маъмуриятига 300 миллиард сўм миқдорида фоизсиз ссуда беради. Ажратилган маблағни қайтариш бўш ер майдонларини инвесторларга сотиш орқали амалга оширилади.
Аввалроқ журналист Наталия Шелупина Чирчиқ дарёсининг аҳволидан ташвиш билдириб, дарёнинг гидрологик режими бузилгани ҳақида ёзганди. “Ярим йил олдин Чирчиқ дарёси бўйича мутлақо бошқача режалар эълон қилинганди, улар оқилона бўлиб кўринганди. Ўшанда дарёни тозалаш, унинг ўзанини тиклаш, сув муҳофаза қилинадиган зоналарда боғ зоналарини яратиш ва ҳатто сув бўйлаб экскурсион гондолалар қўйиш таклиф қилинганди”, – қайд этади у.
Бош саҳифадаги фотосурат: sreda.uz
Шарҳлар