Тошкентдаги “Чорсу” меҳмонхонасининг биноси кимошди савдосида 16,9 млрд сўмга ($1,7 млн.га яқин) сотилди. Лотнинг бошланғич нархи бор-йўли 1 млн сўм эди, деб ёзади  Uznews.uz.

Бино шу йил январь ойида сотувга қўйилди (бундан олдин ҳам бино бир неча марта сотувга қўйилган). Бу сафар қароргоҳи БААда жойлашган Ittihad International Investment LLC инвестицион компанияси харидорга айланди.  

Харидор икки йил давомида бинога камида $25 млн йўналтириши ва 150 та янги иш ўринини яратиши керак. Меҳмонхона мақоми камида уч юлдуз даражасида сақланиши лозим.

Агар бу мажбуриятлар бажарилмаса, унда бино савдолар давомида сал камроқ нархни – 16,8 млрд сўмни таклиф қилган FAJR AL MUSTAQBAL GENERAL TRADING LLC компаниясига сотиш учун очиқ бўлади.