Дарахт кесганларга нисбатан жиноий иш қўзғатилди
Тошкент шаҳар прокуратураси Яккасарой туман ҳокимлигининг ва Building And Supplies компаниясининг мансабдор шахсларига нисбатан жиноий иш қўзғатилгани ҳақида хабар беради. Эслатиб ўтамиз, 20 февраль куни Юнус Ражабий кўчасида 81 та дарахт кесилган, туман ҳокимлиги Building And Supplies компаниясига 70 та дарахтни кесишга рухсат берган.
Building And Supplies МЧЖ ҳамда Яккасарой туман ҳокимлигига нисбатан ЎзР Жиноий кодексининг 205-моддаси (2-қисм, “а” банд) бўйича жиноий иш қўзғатилди.
«2018 йил 18 апрель куни ўша пайтда Тошкент шаҳар ҳокими лавозимида фаолият кўрсатган Раҳмонбек Усмонов томонидан 608-сонли қарор билан юқорида кўрсатилган участкадаги 0,5 гектар ер ноқонуний равишда Building And Supplies масъулияти чекланган жамиятига қурилиш учун ажратилган. Бу шаҳарсозлик нормаларига зид бўлгани боис 2018 йил 4 июль Тошкент шаҳар прокуратураси Шерзод Облоқулов ушбу қарорга қарши шикоят келтирди», – дейилади прокуратура тарқатган хабарда.
2018 йил 17 июль куни Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев олдинги ҳокимнинг қарорини бекор қилади. “Building And Supplies” МЧЖ раҳбари Абдураҳим Қодиров ушбу қарорга қўшилмайди ва 2018 йил 12 ноябрь куни ариза билан Бектемир туман маъмурий судига мурожаат қилади, ушбу суд қарори билан 1053-сонли қарор ҳақиқий эмас деб топилади.
608-сонли қарор яна кучга кирганидан норози бўлган Юнус Ражабий номли маҳалла аҳолиси Бектемир туман судининг қарорини бекор қилиш учун Чилонзор туман маъмурий судига мурожаат қилади. Аммо 2019 йил 11 декабрда уларга аризани кўриб чиқиш рад этилади. 2020 йил 27 январь куни Тошкент шаҳар маъмурий суди ҳам апелляция тартибида ушбу қарорни ўзгаришсиз қолдиради.
Дарахтларни кесишга рухсат берган Яккасарой туман ҳокимининг ўринбосари А.Сатторов ЎзР Жиноий кодексининг 205-моддаси (2-қисм, “а” банд – ўта йирик миқдорда зарар етказилишига олиб келган ҳокимият ва мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш) бўйича жалб этилди. Эслатиб ўтамиз, ушбу моддага мувофиқ айбдор базавий ҳисоб миқдорининг уч юздан олти юз бараваригача миқдорда жаримага тортилиши ёки икки йилдан беш йилгача озодлиги чекланиши ёки муайян ҳуқуқдан маҳрум бўлган ҳолда беш йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.
Building And Supplies МЧЖ раҳбари А.Қодировга нисбатан ЎзР Жиноий кодексининг 198-моддаси иккинчи қисмига (“Йирик миқдорда зарар етказган дарахтлар ёки бошқа ўсимликларни ноқонуний кесиш”) мувофиқ айблов илгари сурилди. Бундай ҳолларда базавий ҳисоб миқдорининг элликдан етмиш беш бараваригача миқдорда жаримага тортиш ёки икки юз қирқ соатдан уч юз соатгача мажбурий жамоат ишларига жалб этиш ёки бир йилдан икки йилгача ахлоқ-тузатиш ишларига жалб этиш ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум этиш кўринишидаги жазо кўзда тутилган.
ЎзР Жиноий кодексининг 198-моддаси 4-қисмига мувофиқ “етказилган моддий зарар уч баравар миқдорда қопланса, озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум этиш кўринишидаги жазо қўлланмайди”, шу боис тергов жараёнида А.Сатторов ва А.Қодиров томонидан 1 млрд 891,3 млн сўм миқдорида жарима тўланди, бу суд томонидан инобатга олинади.
Олдини олиш чораси сифатида айбдорларга нисбатан гаров тайинланди: А.Сатторов томонидан 53 млн сўм миқдорида ва А.Қодиров томонидан 55,7 млн сўм миқдорида гаров пули киритилди.
2020 йил 23 февраль куни Юнус Ражабий номли маҳалла ҳудудида кесилган дарахтлар ўрнида жўка, оқ қайин, каштан, павлония ва бошқа турдаги дарахт кўчатлари экилди, дея қайд этади прокуратура.
Шарҳлар