Дарахт кесишга мораторий муддатини узайтириш режалаштирилмоқда
Мораторий даврини 2021 йил якунигача узайтириш, бу даврда дарахтларни кесганлик учун компенсация белгилаш таклиф этилмоқда. Бу ҳақда 2021 йилга мўлжалланган Давлат дастури тўғрисидаги президент фармони лойиҳасида сўз боради. Ҳужжат муҳокама қилиш учун “Ривожланиш стратегияси” Маркази томонидан чоп этилди, деб ёзади “Газета” нашри.
Бу даврда ҳар бир кесилган дарахт ва буталар учун компенсация тарзида 10 туп қимматлилиги жиҳатидан кесиладиган дарахт ва буталардан кам бўлмаган, йирик ўлчамли (5 ёш ва 2 метрдан кам бўлмаган) кўчат экиш ва уларни икки йил давомида парвариш қилиш тартиби белгиланмоқда. Ноқонуний кесилганлар дарахт ва буталар учун эса уч йил давомида парваришлаш шарти билан 100 туп кўчат экиш мажбуриятини киритилмоқда.
Ички ишлар вазирлигига уч ой муддат ичида ушбу чораларни таъминлаш бўйича ҳукумат қарори лойиҳасини киритиш топширилди.
Экология ва атроф-муҳит муҳофаза қилиш давлат қўмитаси икки ой муддат ичида атроф-муҳитга етказилган зарарни қоплаш тартибини қайта кўриб чиқиши ва табиатни тиклашга йўналтирилган компенсация механизмларини кенг жорий этиши керак.
Сал аввалроқ биз мутахассис билан мораторий самарали бўлгани ёки йўқлиги ҳақида суҳбатлашгандик.
Шарҳлар