Даврон Хидоятов Тошкент вилоятининг ҳокими этиб тайинланди
Нурафшон шаҳрида халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессияси ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди. Давлат раҳбари Тошкент вилоят ҳокими лавозимига ушбу ҳудуд раҳбари вазифасини бажараётган Даврон Ҳидоятовнинг номзодини тавсия этди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар беради.
Халқ депутатлари Даврон Ҳидоятовни Тошкент вилояти ҳокими лавозимига тасдиқлади.
«Тошкент вилоятида саноат, қишлоқ хўжалиги, савдо, хизмат кўрсатиш бўйича улкан салоҳият бор. Шунинг учун вилоятга жуда катта марра қўйганмиз. Лекин, шунга яраша натижа сезилмаяпти, ўрта бўғин раҳбарлари «аравани тортолмаяпти». Энди бизга фақат пахта, ғалла деб юраверадиган ҳокимлар керак эмас. Пахта билан ғаллани манфаат қилиши керак. Ҳоким эса ҳозирги замонга муносиб, устувор йўналишларни яхши биладиган ва жой-жойига қўядиган, вилоятдаги 2 миллион 994 минг аҳолини рози қиладиган бўлиши зарур», – деди Шавкат Мирзиёев.
Даврон Ҳидоятов 1976 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 1996-2009 йилларда банк тизимида, 2014 йилгача автосаноат тармоғида фаолият юритган. 2014-2020 йилларда Хусусийлаштириш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси, Чилонзор тумани ҳокими, Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимларида ишлаган.
Шарҳлар