Депутат: Бош прокуратура UzAuto Motors компаниясига нисбатан жиноий иш қўзғатишдан бош тортди

Депутат: Бош прокуратура UzAuto Motors компаниясига нисбатан жиноий иш қўзғатишдан бош тортди

Ўзбекистон Бош прокуратураси UzAuto Motors компаниясига нисбатан жиноий иш қўзғатишдан бош тортди. Бу ҳақда Газета.uz нашри Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаевга таянган ҳолда ёзади.

Унинг сўзларига кўра, Монополияга қарши курашиш қўмитасининг текшируви натижалари бўйича бир гуруҳ депутатлар – Р.Кушербаев, Д.Ғаниев, Н.Жумаев, Б.Эшмурзаев, З.Жалолов, А.Темиров – 21 август куни Бош прокуратурага UzAuto Motors фаолиятида аниқланган эҳтимолий қонунбузарликларни, коррупция белгилари ва ҳуқуқлар бузилишини ўрганиш, уларга ҳуқуқий баҳо бериш ва жиноят белгилари мавжудлиги ҳақида ўз фикрини билдириш илтимоси билан бош прокуратурага “депутатлик сўровини” юборган.

4 ноябрь куни депутатлар бош прокурор ўринбосарининг имзоси билан билдирги кўринишида жавоб хатини олган. Бош прокуратура томонидан 28 октябрь куни рўйхатга олинган билдиргида UzAuto Motors компаниясида тергов давомида тўпланган ҳужжатлар бўйича жиноят йўқлиги муносабати билан жиноий иш қўзғатиш рад эитлгани кўрсатилган.

Расул Кушербаев “Парламент назорати тўғрисида”ги қонуннинг 15-моддасига мувофиқ  Қонунчилик палатаси депутатининг, Сенат аъзосининг сўровига давлат органларининг, хўжалик бошқаруви органларининг мансабдор шахслари сўров олинган кундан бошлаб, агар бошқа муддат белгиланмаган бўлса, 10 кундан кечиктирмасдан ёзма жавоб юбориши кераклигини эслатиб ўтади. Қонунчилик палатаси депутати, Сенат аъзосининг сўровига жавоб сўров кимнинг номига юборилган бўлса ўша мансабдор шахс томонидан ёки унинг вазифасини вақтинчалик бажарувчи шахс томонидан имзоланади.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 193-моддасига мувофиқ , мансабдор шахслар томонидан парламент сўровини, депутат, сенатор сўровини қаровсиз қолдириш ёки уларни кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабсиз бузиш ёки улар бўйича ҳаққоний бўлмаган маълумотларни қасддан тақдим этиш мансабдор шахсларни базавий ҳисоб миқдорининг 3 дан 7 бараваригача (669 минг сўмдан 1,56 млн сўмгача) жаримага тортишга олиб келади.

30 октябрь куни Тошкент шаҳар маъмурий суди Монополияга қарши қўмитанинг UzAuto Motors иши бўйича қарорини ҳақиқий эмас деб тан олганди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.