Депутатлар ташаббускорларга таклиф этилган қонун лойиҳаларини ҳимоя қилишни таклиф этди

Депутатлар ташаббускорларга таклиф этилган қонун лойиҳаларини ҳимоя қилишни таклиф этди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзолари  томонидан тегишли қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди ва парламент қуйи палатасига киритилди.

амалдаги қонунчиликка кўра, қонун лойиҳаси ваколатли ташаббускор идора томонидан Қонунчилик палатасига киритилганидан сўнг уни музокараларга тайёрлаш ҳамда биринчи ва кейинги ўқишларда парламент аъзолари олдида ҳимоя қилиш депутатлар томонидан амалга оширилади.

Бу эса ўз навбатида ташаббускор идораларнинг сифатли қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишдаги масъулиятининг сусайишига, натижада, баъзи ҳолларда Қонунчилик палатасига тўғридан-тўғри амал қилиш механизмига эга бўлмаган, амалдаги қонун ҳужжатлари талабига мос келмайдиган қонун лойиҳаларининг кириб келишига сабаб бўлмоқда, дея қайд этади қуйи палата матбуот хизмати.

Айни пайтда Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда кўриб чиқиш учун тайёрланаётган қонун лойиҳаси билан “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида”ги ҳамда “Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида”ги қонунларнинг тегишли моддаларига ўзгартишлар киритилмоқда. Унга кўра, қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинаётганда маъруза билан чиқиб, уни концептуал асослаш ҳамда депутатлар олдида ҳимоя қилиш вазифаси қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти ёки унинг вакилига юклаш таклиф этилмоқда. 

Ушбу қонуннинг қабул қилиниши қонун лойиҳаларини тайёрлашда ташаббускор идораларнинг масъулияти ошишига, қонун лойиҳалари сифатининг яхшиланишига, ташаббускор идора вакили қонун лойиҳасининг аҳамиятини депутатлар олдида асослаб бера олмаган ҳолларда лойиҳани кўриб чиқишни рад этиш амалиётининг кенгайишига хизмат қилади.   
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.