EFFECT.UZ сайтининг журналисти Фарғонада ҳужумга учради

EFFECT.UZ сайтининг журналисти Фарғонада ҳужумга учради

13 май куни соат 19:00 ларга яқин EFFECT.UZ сайти ходими Ғиёсбек Эшов Фарғона вилоятининг Қува туманида жиддий ҳужумга учраган. Бу ҳақда EFFECT.UZ мухбири Элёр Тожибоев таҳририятга видео мурожаат орқали маълум қилган.

Мухбирнинг айтишича, ҳолат Қува тумани ҳокимлигида фуқаронинг мурожаатини ўрганилгандан сўнг содир бўлган.

“Қува ҳокимлигидан чиқдик ва Фарғона шаҳарга қайтаётган вақтда оператор ўзининг машинасида биздан олдинлаб кетганди. Бироздан сўнг операторнинг қўнғироғидан сўнг, ушбу ҳолат содир бўлганидан хабар топдик. Биз орқадаги машинада эдик. Бу ишни ким қилгани бизга аниқ эмас, аммо нега биз билан бундай ҳолат содир бўлганини айта олишимиз мумкин. Машинанинг ойналари синдирилган, оператор калтакланиб, кўзига газ сепилган. Ҳозирда унинг кўзлари яхши кўрмаяпти. Номаълум шахслар камерани олиб қочишган”, дейди EFFECT.UZ мухбири Элёр Тожибоев.
 
Бош прокуратура берган маълумотга кўра, ОВД ва прокуратура ходимлари EFFECT.UZ ходимига номаълум шахслар томонидан ҳужум қилингани муносабати билан тергов ўтказмоқда.
 
«Бу ишни Бош прокуратура назорат қилмоқда. Текширув натижалари қўшимча равишда эълон қилинади», – дея қайд этилади хабарда.

Айни пайтда ушбу воқеа юзасидан Жиноий кодекснинг 166-моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилган. Тўрт нафар шахс гумондор сифатида жалб этилган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.