ЕХҲТ халқаро кузатувчиларининг тўлақонли миссияси Ўзбекистонда президент сайловларини кузатади
Президент Шавкат Мирзиёев ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси ва Парламент ассамблеяси тўлақонли миссиясини бўлажак сайловларни кузатиш учун Ўзбекистонга таклиф этди. Бу ҳақда душанба куни ўтказилган матбуот анжуманида президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди, деб ёзади “Газета” нашри.
14 апрель куни давлат раҳбари Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг амалдаги раиси, Швеция ташқи ишлар вазири Анн Линдени қабул қилган эди.
«Бу борада бизга холисона баҳо керак», — дея президентнинг Анн Линде билан учрашувидаги сўзларидан иқтибос келтиради президентнинг матбуот котиби.
Шерзод Асадовнинг таъкидлашича, халқаро ташкилот вакили «Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашини, улар Швециянинг ЕХҲТдаги раислигининг устувор йўналишларига тўлиқ ҳамоҳанг эканини қайд этган».
Ўзбекистонда президент сайловлари жорий йилнинг 24 октябрида бўлиб ўтади.
Шарҳлар